Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Зеленский ҳудудлар бўйича референдумга қарши эмас, бироқ...

Зеленский ҳудудлар бўйича референдумга қарши эмас, бироқ...

Украина президенти Владимир Зеленский Atlantic нашри журналисти Саймон Шустерга берган кенгайтирилган интервьюсида Россия билан тинчлик ўрнатиш мақсадида ҳудудлар бўйича референдум ўтказиш ғоясига қарши эмаслигини билдирди. Бироқ у овозга қўйиладиган эҳтимолий келишув Украина манфаатларига жавоб бериши шартлигини таъкидлади.

«Мен ёмон келишувни референдумга олиб чиқиш керак, деб ўйламайман», – деди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, президентлик сайловларини ўтказиш ғояси Россия томонидан илгари сурилмоқда, чунки «улар уни лавозимидан кетказишни истайди».

Россия Украина қўшинларини Донбасс ҳудудидан тўлиқ чиқаришни талаб қилмоқда, жумладан Россия армияси назоратига ўтмаган ҳудудлардан ҳам. Украина эса шу кунгача бундай талабларни қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблаб келмоқда.

Бироқ Шустернинг ёзишича, Зеленскийнинг икки нафар маслаҳатчиси Украина «энг оғир ён беришларга, жумладан Донецк вилоятидаги айрим ҳудудлардан воз кечишга тайёр бўлиши мумкин»лигини билдирган.

Нашр манбаларига кўра, Президент офиси раҳбари этиб яқинда тайинланган Кирилл Буданов давлат раҳбарининг маслаҳатчилари билан қўшинларни эҳтимолий чиқаришнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатларини муҳокама қилмоқда. Хусусан, ушбу ҳудудларни Россия томонидан эгаллаб олинишига йўл қўймасликни назарда тутган ҳолда қай йўсинда ҳаракат қилиш мумкинлиги ўрганилмоқда.

«Улар ҳақиқатан ҳам ижодий ёндашув кўрсатмоқда, одамлар бунга рози бўлиши учун қандай механизмлар бўлиши мумкинлигини ўрганмоқда», – дея Шустер манбасидан иқтибос келтиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Financial Times нашри манбаларига таяниб, АҚШ май ойида президентлик сайловлари ва референдум ўтказилишини қўллаб-қувватлаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бироқ Зеленский бу хабарга жавобан, ҳар қандай овоз беришни ташкил этишдан аввал хавфсизликни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг