Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Мадаев ва Ходжаев(лар) «жанги»: мағлубиятга баробар ғалаба (биринчи қисм)

Мадаев ва Ходжаев(лар) «жанги»: мағлубиятга баробар ғалаба (биринчи қисм)

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

1

Сарлавҳада мажоз устувор эканига таъкид шарт бўлмаса керак. Шу оҳангда давом этсак, бу «жанг»да кучлар тенг эмаслиги бошданоқ маълум эди. Бир томонда туманнинг (нафақат туманнинг?) обрўйли хонадони турибди: кўпни кўрган ота, прокурору тадбиркор ўғиллар, керагидан кўп хайрихоҳлар... Иккинчи томонда ҳаёт сўқмоқларида гоҳ қоқилиб, гоҳ йиқилиб, хуллас, амаллаб кунини ўтказаётган оддий инсон.

Кимнинг қўли баланд келади?

Саволнинг жавоби аниқ.

Кучлар тенг эмаслиги аниқ экан, нимага умид қилиб, «жанг»га киришди?

Адолатга!

Адолат қарор топдими?

Мақоламиз шу савол устига қурилди, жавоби — ўзингизга тан. 

2

Ҳаммаси 2013 йилнинг 17 декабрь куни бошланди.

Шу куни кеч соат 20 лар атрофида Қурбонбой Субҳонбоев Данғара тумани (Фарғона вилояти) ҳокимлигига чақирилди. Қурбонбой ака — тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган «Субҳонбоев» фермер хўжалиги раҳбари. Хўжаликни қудаси Абдупатто Мадаев билан бирга 1995 йилда ташкил этган, ўтган ўн саккиз йиллик меҳнатлари туфайли ажратилган 1,4 гектар ерда бинойидек боғ барпо бўлди.

Нима дейсизки, ҳокимиятдагилар икки қуданинг шу-унча йиллик меҳнати ва маблағи сарф этилган еридан ихтиёрий воз кечиши ҳақида ариза бериши талабида экан?! Ўша суҳбатда ким нима деган, яхши гапирганми-ёмон гапирганми — энди муҳим эмас. Муҳими, «суҳбат» Қурбонбой Субҳонбоевдан талаб қилинган ариза ёздириб олиниш билан якунланди...

Кўп ўтмай ҳоким Ш.Абдусаломов «Субҳонбоев» фермер хўжалигига қарашли 1,4 гектар ернинг «фатвоси»ни аллақачон ўқиб қўйгани ошкор бўлди. Яъники, ҳоким жаноблари Қурбонбой Субҳонбоевдан «керакли» аризани ёздириб олишидан нақ тўққиз ой (!) аввал, 19 мартдаёқ (2013 йил) 192/1-қарорни чиқариб, ўша ерни гўёки «фермернинг аризасига асосан» захирага олиб қўйган экан?! Туман раҳбари мазкур сирли қарори ҳақида шунча вақт нега чурқ этмагани номаълум. Ким билсин, хоҳлаган пайтимда битта ариза ёздириб, ёпиқ қозонни шундоғича қолдиравераман деб қаттиқ ишонган чоғи? Бироқ «қозонни ёпишга» қилган ҳаракати барибир ўхшамади: не «машаққатлар» билан олинган «ихтиёрий-мажбурий» аризани ходимлари ўша кунги (17.12.2013) сана билан рўйхатга тиркаб қўйишибди?! Ваҳ, маърифатсизлар! Март ойида чиққан қарорга декабрда рўйхатга олинган аризани асос қилиб бўладими? Сирни очиб қўйишибди-ку?! Энди нима қиламиз?

Маслаҳатгўйлар дарров «йўл топиб» беришди: унга кўра Қурбонбой Субҳонбоевдан «эски услубда» қайта «ариза» олишга тўғри келди. Ва «янги ариза» асосида 2014 йилнинг 21 январь куни ҳоким бошқатдан қарор (25/1-қарор) чиқариб, бу билан тўққиз ой аввалги сирли қарорини «қонунга мувофиқлаштириб» қўйди гўё... Шунинг ўзиёқ «ихтиёрий ариза» ортидаги зўравонлик аломатларини кўрсатиб турибди. Зўравонлик бўлмай нима? Оддий мантиқ: ўн саккиз йил меҳнату маблағ сарф этиб, экилган юз-юзлаб мевали дарахтлар ҳосил бера бошлаган боғдан «ихтиёрий» воз кечиш учун одам камида тентак бўлиши керак. Қурбонбой Субҳонбоев қип-қизил жиннига ўхшайдими? Ким қайда кўрибдики «нақароқ одам» фермерликни ихтиёр этиб, қуруқ жойда боғ барпо этса?! Эндиям ариза «қандай» олинганини тасаввур қиларсиз?! Ўлманг!.. Албатта, ҳоким фермердан боғни эмас, ерни олибди-ку дейдиган донолар топилади. Биродар, салкам бир ярим гектар ерда барпо этилган боғ шартта елкага ортиб кетаверадиган матоҳ эмас. Ерни тортиб олиш — боғнинг жанозасини ўқиш билан баробар эканини англаш учун эса авлиё бўлишга эҳтиёж йўқ ахир?!

Бу орада узоқда бўлган қуда — Абдупатто Мадаев келсаки, аҳвол чатоқ: ер қўлдан кетган, унинг янги эгалари енг шимариб туришибди. Чунки ҳоким тортиб олган ернинг 1 гектарини тумандаги «Данғара сайёд стил» фермер хўжалигига, яна уч нафар фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,12 гектардан ажратиб бериш ҳақида қарор чиқариб бўлган эди-да.

Бу билан туман раҳбарининг «қовун туширишлари» барҳам топгани йўқ: «Данғара сайёд стил»га ўша 1 гектар ерни ҳеч қандай тендерсиз (!) хатлаб бергандики, бу ғирт қонунсиз эканини билмайдиган кам (ҳоким-ку, инчунун!). Бу ҳуқуқий саводсизликми ёки ернинг янги эгаларига бўлган меҳрибонликми, майли, бу ҳақда фол очмаймиз. Ҳақиқат шуки, «Данғара сайёд стил» фермер хўжалиги эгалари ўзларига том маънода инъом қилинган 1 гектар ердаги юзлаб мевали дарахтларни кесиб, арралаб ташлашди. Бошқалар — 0,12 гектардан ер олган фуқаролар ҳам қараб туришмади: деҳқон хўжалиги учун деб берилган ерда қарсиллатиб шахсий уй-жой (!) қуришни бошлашди...

Шу тариқа шовуллаб турган кўркам боғ вайронага айланди... 

3

Кўргиликлар бир келса, қўша-қўша келар экан: ерни «ихтиёрий» топширганидан кўп ўтмай Қурбонбой Субҳонбоевнинг хаста турмуш ўртоғи вафот этди. Устма-уст синовлардан руҳий зўриқишга учраб, инсултга учради. Ташаббусни қўлга олган Абдупатто Мадаев қатор идораларга юқоридаги бедодликдан «дод!» деб шикоятлар ёзди. Шикоятлар эса, сезиб турганингиздек, айланиб-ўргилиб Данғарага келаверди. Туман ҳокими-ку, «риёзатлар чекиб» қабул қилган қарорларини ўзича бекор қилмаслиги тайин. Бироқ прокуратура-чи? Данғара туманининг ўша пайтдаги прокурори қонундан «сакраб ўтиб» чиқарилган ҳокимнинг «...қарорларига нисбатан протест келтириш учун асослар» топмаса денг?! Қачонки Абдупатто Мадаевнинг «шикоят машинаси» ишлаганидан ишлаб, кўпларни безор қилворгач, икки йил (!) деганда, ниҳоят, аниқ кўриниб турган қонунсизлик «аниқланди», туманга тайинланган янги прокурор ҳокимнинг қарорига протест келтирди ҳам. Аммо бу протест прокурор ҳисоботини безади, холос. Чунки муаммо ҳал бўлгани йўқ, аксинча, ўтган вақт ернинг «эски» ва «янги» эгалари ўртасида пайдо бўлган адоватни урчитиб-бижғитиб ташлаганди... 

4

Данғара аҳоли зич яшайдиган туманлар сирасига киради: бурнингизга қўнган пашшани ҳайдамоқчи бўлсангиз қўлингиз қўшнининг юзига тушиши мумкин. Демак, жиндек муболаға билан айтсак, туманда бир парча ер тиллога баробар. Албатта, саодат асрида яшаётганимиз йўқ: зари ёки зўри бўлган одам ҳар қандай шароитда мақсадига етишаверади. Аммо Абдупатто Мадаевда на униси бор, на буниси. Бори қудаси билан барпо этган шу боғ эди...

 Ернинг янги «эгалари»ни худо зардан ҳам, зўрдан ҳам қисмаган. «Данғара сайёд стил» фермер хўжалигининг раҳбари Аҳрор Хўжаев наинки туман, балки вилоятда ҳам ҳурматга сазовор Мансурхўжа Ходжаевнинг кенжа ўғли! Отаси ўз вақтида масъул лавозимларда ишлаган, сўнг ўттиз йил нари-берисида Қўқон ўрмон хўжалигига раҳбарлик қилди (оқсоқолнинг ғайрату шижоати ҳозир ҳам кўпларга ўрнак. Боз таъби назмдан ҳам бегона эмаски, тўртта-бешта шеърий ва насрий китоб чиқариб, шинаванда ва меҳмондўстлиги билан катта-катта ёзувчилар, нуктадон олимлар эътиборига тушган). Акаси Алишер Ходжаев прокуратура органларида ишлайди. Ана энди ўйланг: кимсан Ходжаевларга қарашли фермер хўжалигига ҳоким ер берса-ю (қонунсиз бўлсаям-да!) бир «ялангоёқ» шикоят қила-қила ундан мосуво қилаёзса? Бунга чидаш мумкинми?

Ходжаевларнинг безовта бўлганича бор. Негаки, Абдупатто Мадаевнинг турли идораларга ёзган аксарият шикоятларида туман ҳокими «иккинчи план»га тушиб, асосий урғу уларга берилади. Шикоятларки, уларда ушбу нуфузли хонадон вакилларининг бошқа ишлари ҳам назардан четда қолмайди. Бу билан уларнинг қуввати-ю қудратини исботлашга уринган чамаси. Айтадики: «...туманнинг катта-кичик раҳбарлари кўп масалаларда оқсоқол Хождаевнинг «олдидан ўтади», зарур маслаҳат-тавсиялар олади. Шундай экан, бизнинг ер майдонларимизни зўрлик билан олиб, айнан уларга қарашли фермер хўжалигига шундоғича бириктириб берилиши шунчаки тасодиф эмас, бу жараёндаги қонунсизлик яққол кўриниб турганига қарамай йиллар давомида гўёки аниқланмай келинганининг сабаби ҳам шунда...».

 Шикоятларда шу ва шу мазмундаги баёнларни мутлақ ҳақиқат дея қабул қилишга можаро билан боғлиқ ҳамма далиллар ҳам йўл беравермайди. Бироқ уларда мантиқ ва ҳақиқат белгилари йўқ эмаслигини-да тан олмаслик инсофдан эмас. Бировнинг 18 йил меҳнати сингган ерни тортиб олиб, ноқонуний равишда берилиши, бу қонунсизлик йиллар давомида «дам еб» ётишидан ташқари масала бир ёқли бўлишини кутмай, гуркираб турган боққа арра солвориш замиридаги журъатда ҳам ўша нуфуз, ўша куч уфуриб тургандек: «ер бизга ўтган, вассалом!». Зотан, ҳоким қароридаги қонунсизлик аниқланиб, бекор қилинганидан кейин Ходжаевлар «узр, ука, ер бизга ноқонуний берилган экан, билмабмиз, бизнинг еримиз ҳам, мулкимиз ҳам етарли, жойинг ўзингга насиб қилсин» дея мардона қадам ташлашмади. Тайёр ерни бой бериши худди хонадон нуфузига соя соладигандек... Балки аҳли хонадон, ер қўлдан кетса, кейинги эҳтимолий муаммолардан ташвишга тушгандир? Ахир ҳокимга инониб, боғнинг расвоси чиқарилди, бунинг зарари унча-мунча бойваччанинг белини синдириши аниқ. Бирдан-бир чора — нима қилиб бўлса ҳам ерни сақлаб қолиш керак. Айни нуқтада Ходжаевлар билан туман ҳокимининг манфаатида муштараклик юзага келади: товон масаласи кўндаланг бўлса, калтак икки томонга ҳам бирдек тегиши тайин. Демак, ортга йўл йўқ, фақат олға!

Бу ёқда Абдупатто Мадаев ўзгача иштиёқда юрибди: кўплар ишонмаганди, мана, икки йил деганда ҳокимнинг қарорини бекор қилдиришга эришди. Ҳоким қарори бекор қилинди-ю, аммо ерни қайтаргани йўқ, майли, яна озроқ ғайрат қилса, муроди ҳосил бўлиши мумкин. Нима, ўн саккиз йиллик меҳнатини бир зарб билан чиппакга чиқарганларга қўл силтаб кетаверадими?!

Кўринадики, икки томон учун ҳам орқага йўл қолмабди... 

5

Абдупатто Мадаев шикоят ёзишни бас қилмаслигини тушуниб етгач, «рақиб» кутилмаган «юриш» қилди. «Данғара сайёд стил» фермер хўжалиги раҳбари кенжа Ходжаев Фарғона вилояти хўжалик судига даъво киритдики, унда туман ҳокимининг 496-(8.06.2016)қарорини ҳақиқий эмас деб топиш сўралганди. Маълумки, ҳокимнинг мазкур қарори билан «Данғара сайёд стил»га 1 гектар ерни бириктириб бериш ҳақидаги аввалги ноқонуний қарори бекор қилинганди. Ажаб даъво: прокурор протести асосида чиқарилган қарорнинг суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши соғлом тасаввурга сиғмайдими? Албатта йўқ! Шунга қарамай суд даъвони қаноатлантирди! Хўжалик судида қатнашган вилоят прокурори вакили даъвони қўллаб-қувватлаганига нима дейсиз? Инкор этиб бўлмас қонунсизлик юзасидан битта прокурор бошқача, иккинчиси унга тескари хулоса берса-я?! «Фарғонада қонун нечта?» деворасан беихтиёр... Бу нимани англатади? Судьянинг саводиними? Прокурорнинг профессионал лаёқатиними? Ёки прокурор Ходжаевга ҳурмат белгисиними?

Воқеа Америка ёки Англияда эмас, Фарғонада бўлаётир ахир?!

Бир нарсани тан олиш керак: судга киритилган даъво, унинг қаноатлантирилиши орқали бир ўқ билан икки қуён урилганди. Даъвогар — фермер, жавобгар — туман ҳокимлиги. Шундай экан, бу «низоли ишда» Абдупатто Мадаевга ўрин йўқ, у икки дунёда ҳам суд қарорига нисбатан шикоят ёзолмайди. Чунки ишда тараф бўлмаган одамда ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят қилиш ҳуқуқиям бўлмайди-да. Даъво қаноатлантирилишидан даъвогар ҳам, жавобгар ҳам манфаатдор: фермер ўзига қонунсиз берилган ерга энди қонуний эга бўлиш имкониятини қўлга киритса, ҳоким улар олдидаги «хижолатпазлик»дан қутулади: аввалбошдан ишни «пухта» қилмагани учун...

Бундай «сценарий» муаллифи салоҳиятига қойил қолмай илож йўқ. Бироқ қонун кулолнинг лойи эмас, ундан хоҳлаган шаклни ясаб бўлмайди.

Таъкидлаш шарт, Фарғона вилояти хўжалик судининг мазкур ажабтовур ҳал қилув қарори Фарғона вилояти прокуратураси протестига асосан Ўзбекистон Олий хўжалик судида бекор қилинди. Бунда вилоят прокуратурасининг хатти-ҳаракатини эътироф қилиш баробарида Мадаевнинг «шикоят машинаси» «хизматини» ҳам инкор этиш адолатдан бўлмас. Зеро, куни кеча даъвони қўллаган прокуратура, орадан бир ой ўтиб, қўлловига тамоман тескари мазмунда протест киритиши шунчаки иш эмас.         

 Можаронинг хўжалик суди қарори билан боғлиқ нуқталарига бежиз алоҳида тўхталмадик. Кўрдикки, қонунни билган одам сувдан доим қуруқ чиқмаса-да, ялонғоч қўлга тутқич бермаслик имкониятини топади.

 Давом этамиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг