Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Озарбайжон Украинани тиклашга 10 миллион доллар кўмак ажратади

Озарбайжон Украинани тиклашга 10 миллион доллар кўмак ажратади

Озарбайжон Украинани тиклаш учун 10 миллион доллардан кам бўлмаган кўмак ажратади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов Лондонда ўтказилган Украина тиклаш бўйича анжуманда маълум қилган.

«Озарбайжон Украинадаги ҳозирги инқироз жиддий гуманитар фожиага доялик қилиб, Европа тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солаётганидан чуқур таассуфда. Озарбайжон (низо) Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тамойили асосида тез муддатда ҳал этилиши тарафдоридир. Инқироз келтирган оғир гуманитар оқибатлар аҳолининг уқубатларини енгиллатиш бўйича тезкор чора-тадбирларни талаб этади», – деди Озарбайжон ташқи ишлар вазири.

Қайд этилишича, Россия босқини бошлангандан буён Озарбайжон Украинага 20 миллион доллардан зиёд ҳажмда гуманитар кўмак йўллаган. Масалан, 2022 йил декабрь ойида Боку Киев сўровига асосан  озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий ва энергия ускуналаридан иборат 52,2 тонна ёрдам юборган.

Бундан ташқари, бомбардимонда вайрон этилган Ирпендаги 12-мактаб Озарбайжон кўмагида қайта тикланган.

«Озарбайжон Украинани тиклаш ва реконструкция қилишга, хусусан, электр ускуналар юбориш ва Ирпень шаҳрида реконструкция лойиҳалари амалга ошириш орқали ҳисса қўшишда давом этади. Ушбу кўмакнинг умумий миқдори камида 10 миллион долларни ташкил қилади», – дейди Ж.Байрамов.

Уруш ва ҳарбий ҳаракатлар оғриғини ўз танасида қилган Озарбайжон айни пайтда ишғолдан озод қилинган Қорабоғда тиклаш ишларини олиб бормоқда. Бу жараёнда ер остига кўмилган саноқсиз миналар жиддий муаммога айланган. Арманистон ҳозирча мина хариталарини тақдим этганича йўқ. Ж.Байрамовга кўра, мавжуд қийинчиликларга қарамай, Озарбайжон Украинага яқин муддатда ҳудудларни минадан тозалаш машинасини ҳам беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг