Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Вақф» фонди раиси блогер Мусанниф Адҳам устидан ИИБга шикоят қилди

«Вақф» фонди раиси блогер Мусанниф Адҳам устидан ИИБга шикоят қилди

Фото: блогернинг саҳифасидан скриншот

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халилов таниқли блогер Мусанниф Адҳам устидан ички ишлар идорасига арз қилди. Бу ҳақда блогернинг ўзи «Facebook» тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди. 

И.Халилов  ўз арзномасида фонд ўтган йиллар давомида «...аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш» борасида муайян ишларни амалга оширгани, шу каби хайрли ишлар бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидлар экан, «...сўнгги вақтларда айрим ижтимоий тармоқларда» унинг фаолиятига «бирор бир асосларсиз», «шахсни шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатилаётганини» билдиради. Сўнг гапига асос сифатида 2019 йилнинг 30 октябрь куни «Facebook» ижтимоий тармоғида Musannif Adham фонд ва унинг раҳбарига нисбатан «шахсни шарманда қилувчи маълумотлар» тарқатганини айтиб,  буни «...аҳоли ўртасида фонд фаолияти нисбатан нотўғри фикрлар ва қарашлар юзага келаётганига» сабаб тариқасида кўрсатади. Ва «Musannif Adham»нинг шахсини аниқлаб, унга нисбатан чора кўришни сўрайди.

Арзнома ички ишлар органига қачон топиширилгани, суриштирув ишлари ўтказилган-ўтказилмагани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида «Вақф» фонди раиси И.Халилов қимматбаҳо  «Малибу-2» хизмати машинаси харид қилгани ортидан можаролар марказида қолганди. Кейинроқ у  мазкур харидни  «...хорижлик меҳмонларни кутиб олиш ва узоқ хизмат сафарларида фойдаланиш» мазмунидаги гаплар билан изоҳлаб, кўпларнинг энсасини қотирганди.

Ундан аввалроқ эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг собиқ ўринбосари «Вақф»  жамоат фондига ўтказиб берилган кўчмас мулклар ва таъмир учун ажратилган катта маблағ билан боғлиқ коррупцион схемаларда иштирок этгани учун ҳибсга олинганига оид хабарлар тарқалганди. Аммо бу мазмундаги хабар расман тасдиқланмади, шу баробарида расман инкор этилгани ҳам йўқ.

Яна бир гап. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, шу кунларда «Вақф» хайри жамоат фондининг молиявий фаолияти жиддий тафтишдан ўтказилаётир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг