«Яхшиликка ёмонлик»: Туркияда ўлдирилган Дурдона Ҳакимованинг бизнес шериги марҳумага туҳмат қилинаётганини айтмоқда
Сўнгги кунларда Туркия ва Ўзбекистон жамоатчилигини ларзага солган мудҳиш жиноят — Истанбулда жасади бўлакланган ҳолда топилган ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимова билан боғлиқ воқеа атрофида турли миш-мишлар тарқалди.
Айниқса, қотилнинг ўз қилмишини оқлаш мақсадида берган «ишқий муносабат ва хиёнат» ҳақидаги кўрсатмалари марҳуманинг яқинлари ва уни таниганларнинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлди. Марҳуманинг яқин дўсти ва бизнес шериги бўлган туркиялик тадбиркор Мурат Бей махсус видеомурожаат билан чиқиб, воқеанинг асл тафсилотларини сўзлаб берди.
Мурат Бейнинг таъкидлашича, Дурдона оғир вазмин, тартибли ва муваффақиятли тадбиркор аёл бўлган. У Истанбулнинг Мержан даҳасида ҳарбий ва ов анжомлари савдоси билан шуғулланувчи шахсий фирмасини бошқариб келган. Марҳума нафақат Туркияда, балки Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон каби давлатлар билан ҳам кенг кўламли савдо алоқаларини ўрнатган. Икки нафар вояга етган қизнинг онаси бўлган бу аёл, фарзандларига яхши таълим бериш ва уларнинг келажагини таъминлаш учун ҳалол меҳнат қилиб, Ватанида ва Туркияда кўчмас мулклар сотиб олган.
Энг ачинарлиси шундаки, қотилликда айбланаётган шахслар Дурдонанинг севгилиси эмас, балки у инсонийлик юзасидан ёрдам қўлини чўзган юртдошлари бўлиб чиқди.
Маълум бўлишича, Дурдонанинг онаси қотил йигитларга қизининг олдига борса ёрдам беришини айтган. Дурдона эса юртдошлик бурчини ўтаб, унга уй топиб берган, ижара пулларига ёрдамлашган ва шахсий танишлари орқали ишга жойлаштирган. Мурат Бейнинг сўзларига кўра, қотил ўз жиноятини енгиллаштириш учун марҳуманинг шаънига туҳмат қилган ва бу даъволар мутлақо асоссиз.
Дурдона атрофидагиларга ҳаддан ташқари ишонувчан ва доимо ёрдамга тайёр инсон бўлган. Унинг ҳатто ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қолдирган «Аттангларинг бир кун ҳаётингга зомин бўлади» деган мазмундаги ёзувлари гўёки унинг фожиали қисматидан олдиндан берилган ишорадек янграмоқда.
Мурат Бей ўз мурожаатида одамлардан марҳума ҳақида билиб-билмай салбий изоҳлар қолдирмасликни ва унинг ортида қолган оиласига ҳамдард бўлишни ўтинч билан сўради.
Бу мудҳиш воқеа нафақат бир аёлнинг қотиллиги, балки яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарилган инсонийлик фожиасидир. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда ва яқинлари қотилларнинг энг оғир жазога тортилишини кутмоқдалар.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter