Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пешкўда икки нафар аёл ўз жонига қасд қилди

Пешкўда икки нафар аёл ўз жонига қасд қилди

Бухоро вилояти, Пешкў туманининг турли маҳаллаларида яшовчи икки аёл ўз жонига қасд қилди, дея маълум қилмоқда «Xabar.uz» мухбири.

Пешкў туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзини осиш орқали жонига қасд қилган С.Р. 25 ёшли қиз ҳали турмушга чиқмаган бўлган. Пешкў туманининг «Хуррам» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Кате қишлоғида яшовчи С.Р.нинг нега ўз жонига қасд қилгани номаълум бўлиб қолмоқда.

«Хуррам» МФЙ раиси Азизжон Бобоевнинг «Xabar.uz»га билдиришича, С.Р. оилада ягона қиз. Бир нафар акаси ва бир нафар укаси бор. С.Р. жорий йилнинг 1 январь куни тонгда ўз жонига қасд қилган.

«Оиланинг тўнғич фарзанди, яъни С.Р.нинг акаси бир неча кун илгари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан айбланиб, уч йил қамоқ муддатини ўтаб қайтганди.  Синглисининг ўлимидан бир кунгина илгари унинг оила аъзолари ва акаси билан суҳбатлашиб қайтгандик. Оила тинч, жанжалкаш эмас. Ачинарлиси, қизнинг ўз жонига қасд қилиши учун оилада бирор сабаб бўлмаган»,—дейди Азизжон Бобоев.

МФЙ раисининг айтишича, ўтган йилнинг бошида Пешкў тумани ҳокими томонидан С.Р.га ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун тикув машинаси берилган. Бундан ташқари, 3 сотхли ер майдонида иссиқхона ташкил қилиб берилган.

«Чаққон, меҳнатсевар қиз эди. Шу қизнинг сайъ-ҳаракати билан шароитларни анча-мунча тиклаб олишганди. Пахта терарди, ўз иссиқхонасида ҳам ишларди. У иссиқхонаси орқали қишлоқнинг 10-15 нафар хотин-қизларини ҳам иш билан таъминлаганди. 31 декабрь куни кўплаб қариндош-уруғларникига ҳам меҳмондорликка бориб келишган экан. Сабаби мавҳум бўлиб қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳолатни ўрганишяпти», — дейди Азизжон Бобоев.

Ўз жонига қасд қилган иккинчи аёл Д.М. 2019 йилда «Пешкў» маҳалласига туманнинг «Навбаҳор» маҳалласидан келин бўлиб тушган. Уч ёшли бир нафар ўғил фарзанди бор. Д.М. ҳам оилада ўғил акасидан кейинги ягона қиз фарзанд.

Маҳалла раиси ёрдамчиси Майрам Шодиеванинг сўзига кўра, Д.М. келин бўлиб тушган хонадонда уч овсин бир ҳовлида яшаб келади. Аҳил ва ўзига тўқ оилада ўзаро келишмовчилик бўлиб тургандир, аммо маҳаллада ҳеч қачон гап-сўзлари чиқмаган.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 30 декабрь куни Д.М. турмуш ўртоғи билан Пешкў туман марказидаги кийим бозорига боришган. Турмуш ўртоғининг бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамай, Д.М. бозорда анча вақт қолиб кетган. Д.М. бозордан фақат фарзандига кийим-кечак олиб чиққан. Орадан шунча вақт ўтса ҳам ўзига кийим-кечак олиб чиқмагани учун турмуш ўртоғи Д.М.га танбеҳ берган ва ўрталарида тортишув келиб чиққан. Бозордан қайтишган Д.М. эри билан жанжаллашиб қолганини ота-онасига телефон орқали билдирган. Қизининг тажанг аҳволидан хавотирга тушган ота-онаси зудлик билан қудаларининг уйига етиб келишган. Куёв эса бўлган воқеани айтиб берган. Шундан сўнг, Д.М.нинг ота-онаси қизига эрни ҳурмат қилиш ва келинлик адабини бажариш лозимлиги хусусида насиҳат бериб, хайр-хушлашиб қайтишган.

Шу куни намозгар, кеч тушаётганда, Д.М.нинг қайнона-қайнотаси ҳамда унинг турмуш ўртоғи 31 декабрь - байрам дастурхони учун маҳсулотлар сотиб олиш мақсадида Ромитан тумани деҳқон бозорига кетишган.

Ҳовлида Д.М. фарзандлар ва уч овсини билан қолган. Ҳар учала овсин ҳам байрам кайфиятида пишириқлар пиширишиб, дастурхон тузашган. Шу орада Д.М. молхонага чиқиб кетган ва қайтиб келавермаган. Ёш овсинининг нега ҳаяллаб қолаётганидан хавотирга тушган овсинлар Д.М.нинг ортидан молхонага боришган ва фожиа устидан чиқишган.

«Тушунтириш хати олиш учун уларнинг хонадонига бордим. Таъзияхонада Д.М.нинг ота-онаси ва яқинлари ҳам бор эди. Қуда-андалар аза-ўчарни биргаликда ўтказишди. Д.М.нинг эри билан суҳбат чоғимизда, ёш келин турмуш ўртоғининг Россияда ишлаб юрган кезларида ҳам  у билан телефон орқали суҳбати давомида бир неча маротаба яшагиси келмаётгани, ўзини ўлдиришини билдирган экан. Қизининг бундай гапларидан Д.М.нинг онасининг ҳам хабари бўлган ва бундай совуқ гапларни айтмасликка даъват этиб келишган экан. Афсуски, қиз асабий ҳолатда айтаётган бўлиши мумкин, дея ўйлаб, эътибор қаратмай келишган. Бу кўпчиликда учраши мумкин бўлган руҳий ҳолатдир балки...», — дейди маҳалла раиси ёрдамчиси Майрам Шодиева.

Бухоро вилояти прокуратураси масъул ходимининг билдиришича, ҳар икки ҳолат юзасидан ҳам Пешкў туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг