Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Абдуқодир Мўминов иши» бўйича суд терговининг иккинчи куни якунланди

«Абдуқодир Мўминов иши» бўйича суд терговининг иккинчи куни якунланди

Бугун, 27 июль куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида судья Сардорбек Содиқов раислигида YouTube платформасида «Кўзгу» саҳифасини юритган блогер Абдуқодир Мўминовга доир суд ишининг навбатдаги жараёни бўлиб ўтди.

Судда томонлар ҳамда прокурор, адвокат ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Суднинг иккинчи кунида 7 нафар жабрланувчи билан савол-жавоб қилинди ва 6 нафар гувоҳ тингланди. Шунингдек, Жиноят кодексининг 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида кўрсатилган жиноят иши юзасидан солиқ ходими ҳам чақиртирилди.

Судда, шунингдек, яна 6 нафар жабрланувчиларнинг даъволари бўйича савол-жавоблар бўлди.

Суд ишида 1 августга қадар танаффус эълон қилинди.

Маълумот учун, А.Мўминовга доир суд иши жорий йилнинг 25 июлидан бошланди. У Жиноят кодексининг 141-1-модда (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а,б» бандлари, 165-модда (Товламачилик) 3-қисми «а» банди, 168-модда (Фирибгарлик) 3-қисми «б,в» бандлари, 4-қисми «а» банди, 189-модда (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ҳамда 28-211-модда (Пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» банди билан айбланяпти.

Айблов хулосасига кўра, мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 421 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.

А.Мўминов мазкур жиноий иш доирасида жорий йилнинг 8 февралида қамоқа олинган эди.

Xabar.uz суд жараёнини кузатиб боряпти. Кейинги суд жараёнлари бўйича ҳам маълумотлар бериб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг