Ҳар ой уйига 200 доллардан кам жўнатаётган муҳожирларни ортга қайтариш тарғиб қилинади
Наманган вилоят, Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар ва 2021 йил режаси ҳақида Халқ депутатлари кенгашида ҳисобот бериб ўтди.
Ички туризм ҳақида
Уйчи туманида ички туризмни ривожлантириш мумкин. Масалан, балиқчиликни ривожлантириш учун берилган таклифда яна бир лойиҳа бор. Сунъий кўл ҳудудида йилига 10 минг сайёҳни қабул қила оладиган дам олиш маскани қурилади, катамаранлар қўйилади. Сайёҳлик маскани учун ер масаласи ҳал бўлди, ўрмон хўжалигидан беш гектар ва фойдаланилмай турган ердан ўн гектар берилади.
Энг муҳими — қўшни Чортоқ туманини туризм ҳудудига айлантириш бўйича дастур қабул қилинган. Чортоққа Уйчидан ўтиб борилади, демак бу имкониятдан фойдаланиб қолиш керак.
Яна бир муҳим лойиҳа — Уйчи туманида зотдор отлар етиштирадиган отхона қурилди. Бу жойни бир кўрган одам яна қайтиб келгиси келади. Шахсан ўзим отларни кўриш учун уч-тўрт марта бордим ва яна боргим келади. Уйчига келадиган ҳар бир меҳмонга албатта отларимизни кўриб кетишни таклиф қиламан.
Меҳнат муҳожирлари ҳақида
Пандемия шароитида кўплаб меҳнат мигрантлари қайтиб келди. Уларни бандлик билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Туман Наманган шаҳри билан чегарадош бўлгани учун аҳоли шаҳарда ҳам ишлайди.
Ҳозирда 4200 нафар уйчилик меҳнат муҳожири хорижда ишлаяпти. ИИБга уларнинг ҳолидан хабар олиш ва ойига 200 АҚШ долларидан кам пул юбораётганларни Ўзбекистонга қайтариш топшириғи берилган. Улар ўзимизда иш билан таъминланади. Ушбу ташаббус доирасида икки юздан ортиқ мигрант чақириб олинди.
Меҳнат муҳожирларининг ҳолати ўрганилиб, уйига умуман пул жўнатмаётган, кам жўнатаётган ва оиласи билан алоқани бузганлар статистикаси аниқланди.
Унга кўра, Уйчи туманидан кетган ўн икки фуқаронинг иш жойи номаълум бўлиб турибди. Яна 550 киши уйига етарли миқдорда пул жўната олмаётгани аниқланиб, қайтариб келиш бўйича тарғибот бошланди.
Хорижга кетиш истагида бўлганларни сунъий тарзда қайтариб бўлмайди. Аксинча, ёрдам берилади ва бепул ўқитилади. Россия ва Қозоғистондагиларни кафолатланган иш ўрни билан таъминлаш бўйича музокара ўтказиляпти.
Яқинда Россиядан ўн мингта иш ўрнига таклиф келди. Энг катта муаммо — тил ва касб билмаслик бўлиб турибди. Кимдир тумандан четга чиқадиган бўлса, аввало касб ва ҳунарга ўргатиш лозим.
Пахтага белгиланган нарх
Фермерлар учун пахтага белгиланган нарх паст экани муаммо келтириб чиқармоқда. Пахтага нарх жаҳон биржасидан келиб чиқиб белгиланади. Гап шундаки, кластер эгалари нархни ўзгартириши мумкин.
Шу боис фермерларда норозилик учраб турибди. Кластер ташкил этишдан мақсад — иқтисодни кўтариш. Шу билан бирга фермерлар ишини ҳам мувофиқлаштириш лозим. Уйчидаги фермерларни туманда фаолият олиб бораётган кластерга ўтказиш бўйича таклиф бердик.
Инвестор туманда пахтани қайта ишлаш бўйича умумий жиҳатдан 65 миллион долларлик таклиф бермоқда. Пахта заводига янги замонавий технология ўрнатилади, ёғ-мой заводи қурилади ва текстил корхонасига 50 миллион доллар инвестиция киритилиб, 1240 та иш ўрни яратилади. Шунда йиллик 50 миллион доллар экспорт масаласи ҳам ҳал бўлиши кутиляпти.
Пахтачилик ривожланган давлатларда гектаридан 65 центнер ҳосил олинмоқда. Келаси йил Уйчи туманида пахтага ажратилган ерлар юз фоиз томчилаб суғоришга ўтказилади ва хориждан мутахассислар жалб этилади.
Норин дарёси ҳақида
Уйчи тумани ҳудудидан Норин дарёси оқиб ўтади. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган неъмат. Оддийгина шағалдан ҳам яхши пул ишласа бўлади. Норин дарёси туман иқтисоди учун туртки бўлмоқда. Шағални қайта ишлаб, қурилиш материаллари тайёрлайдиган 20 та корхона мавжуд.
Дарёдан яна бошқа иқтисодий мақсадлар йўлида самарали фойдаланиш мумкин.
Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу мурожаатларда кўрсатилган ишлар кўламини ўрганишда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter