Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Санкциялар Россияга нечоғли таъсир қиляпти? Жозеп Боррель муҳим саволга атрофлича жавоб берди

Санкциялар Россияга нечоғли таъсир қиляпти? Жозеп Боррель муҳим саволга атрофлича жавоб берди

ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель.

Фото: AP

Россиянинг Украинага босқинидан кейин коллектив Ғарб, жумладан, Европа Иттифоқи томонидан бир неча босқичда санкциялар жорий этилди. Урушнинг интиҳоси кўринмаётган, энергия манбалари қимматлашаётган ҳозирги паллада Россияга нисбатан жорий этилган молиявий жазо чоралари қанчалик ўзини оқламоқда деган савол қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили – Европа комиссияси президентининг ўринбосари Жозеп Боррель катта мақоласида ушбу муҳим саволга атрофлича жавоб берди.

«Кўпчилик Россияга қарши санкциялар самара бермоқдами деб сўраётир. Бу борада мен ҳеч иккиланмай ҳа дейман ва бу жавобимни асослаб-тушунтириб ҳам бераман. ЕИ ҳамда ҳаммаслак-ҳамкорларимиз томонидан қабул қилинган санкциялар ҳозирданоқ Владимир Путин ва унинг шерикларига кучли зарба бермоқда. Россия иқтисодиётига қаратилган чеклов чоралари таъсири янада ортади», – дейди Евроиттифоқ бош дипломати.

Ҳозирда молиявий жазо чоралари Россиянинг 1200 дан зиёд жисмоний ва 100 га яқин юридик шахсларига, шунингдек, бир қатор иқтисодий секторларга татбиқ этилмоқда. Чеклов чоралари «Катта еттилик» мамлакатлари билан келишилган ҳолда жорий қилинган. Бундан ташқари, қирқдан зиёд давлат, жумладан, анъанавий равишда бетарафликни маъқул кўрадиган мамлакатлар ҳам жазо чораларига қўшилгани уларнинг самарадорлигини оширади.

«ЕИ қабул қилган асосий санкциялардан бири – 2022 йил охирига қадар Россия нефть импортининг 90 фоизидан воз кечишни кўзда тутади. Бу эса Москвани мўмай даромаддан маҳрум этади. Тўғри, Россия ўз нефтини бошқа бозорларда сотиши мумкин, аммо Россия ҳар бир баррель учун катта чегирмалар беришга мажбур бўлаётгани сабаб, фойда миқдори камаяди (айни пайтда Россия нефти дунё бозорида ўртача нархдан 30 доллар арзонга сотилмоқда). Қолаверса – мен буни энг муҳим жиҳат деб атаган бўлар эдим – тадрижий нефть эмбаргоси ва газ импортининг қисқартирилиши Европани Россиядан энергетика жабҳасидаги қарамликдан халос этади», – деб ёзади Ж.Боррель.

Таъкидлаш жоизки, ЕИ кўп йиллардан бери Россия энергетика манбаларига қарамлик масаласини муҳокама этиб келган. Кези келганда бу омил Москвага нисбатан кескин чоралар кўришга ҳам тўсқинлик қилган. Украина босқини эса бу жараённи тезлаштирди. Куни кеча, Боку шаҳрида ЕИ ҳамда Озарбайжон ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликка доир англашув меморандуми имзолангани ҳам муқобил манбаларни топиш йўлидаги дадил қадам саналади.

«Бу қарамлик Путиннинг Украинага нисбатан дастлабки хомчўтларида муҳим роль ўйнаган бўлса ажаб эмас. Эҳтимол, у энергия манбаларига ҳаддан зиёд боғланиб қолгани важидан Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жиддий санкциялар жорий этмайди деб ўйлагандир. Бу – Путиннинг уруш бошлашдаги энг катта хатоларидан бири бўлди. Албатта, Россия энергия манбалари «заҳари»дан бу қадар тез халос бўлиш  бир қатор давлатлар ва секторлар учун харажатларни сезиларли даражада оширади – бу ҳолатга аллақачон рўбарў келмоқдамиз.  Аммо бу – биз демократия ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш йўлида тўлашимиз лозим бўлган товон эканини унутмаган маъқул», – дейди ЕИнинг юқори мартабали вакили.

Қайд этилишича, Россия юқори технологиялар жабҳасида Европага 45 фоиз, АҚШга 21 фоиз ва Хитойга 11 фоиз боғлиқдир.  Бу соҳадаги талабни эса миллий ишлаб чиқариш орқали қондириш амримаҳол. Автомобилсозлик санкциялардан энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири саналади. Хориж ширкатлари Россия бозорини тарк этиши оқибатида жорий йил май ойида ишлаб чиқариш ўтган йилга қараганда 97 фоизга қисқарди. Россия авиасаноати ҳам жиддий инқироз ёқасига келиб қолган. Мамлакатдаги 1100 та фуқаро учоқларининг қарийб 700 таси хорижга тегишли.

Ж.Боррелга кўра, молиявий бозордаги йўқотишлар, илмий тадқиқот йўналишидаги ортга кетишлар, малакали кадрларнинг хорижга йўл олиши каби ҳолатлар ҳам оғир оқибатларга олиб келади.

«Путин сиёсий волюнтаризмнинг сеҳрли кучига ишонади. Аммо бу ҳол абадий давом этмаслиги аниқ. Шу сабаб Европа стратегик миқёсда сабр намунасини кўрсатмоғи лозим.  Уруш узоқ давом этар экан, матонат синови ҳам чўзилади. Зотан, бошқа танловимиз йўқ. Россиянинг қўли баланд келишига имкон бериш эса, демократиямизни ва қоидаларга асосланган халқаро тартибот ўзагини яксон қилиш билан баробардир», – деб хулоса қилади ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Ж.Боррель. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг