Қирғизистоннинг 6 президенти Дубайда кўришди. Учрашувда нима муҳокама этилгани маълум...
Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров бетараф мамлакатда республиканинг собиқ президентлари билан учрашди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Қирғизистон матбуоти хабарига кўра, олти президентнинг учрашуви БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган.
Садир Жапаровга кўра, собиқ давлат раҳбарлари ؘ– Асқар Акаев (1991–2005), Қурманбек Бакиев (2005–2010), Роза Отунбаева (2010–2011), Алмазбек Атамбаев (2011–2017) ва Сооронбай Жээнбеков (2017–2020) мамлакат равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга розилик берган.
«Мамлакат истиқболи йўлидаги асосий орзу рўёбга чиқди – халқ бирдамлигини ўйлаб барча собиқ президентларни бир стол атрофига жамлаб, учрашув ўтказдим. Глобаллашув даврида ички барқарорлик ва миллий муросага интилган мамлакатларгина қудрат касб этиб, тараққий этмоқда», – деб ёзди С.Жапаров.
Унга кўра, ўтмишда ҳам қирғиз давлати ўзаро ихтилофлар сабабли парчаланиб кетган.
«Бугун биз шимол ва жануб, вилоятлар бўйича бўлиниб кетганмиз, ҳар ким ўзи ҳақида қайғуради. Бундан ташқари, одамлар у ёки бу президентнинг тарафдори сифатида ҳам гуруҳларга ажралган», – дейди С.Жапаров.
Қирғизистон президентининг таъкидлашича, мамлакат истиқболи учун «акаевчилик», «бакиевчилик», «атамбаевчилик», «отунбаевачилик», «жээнбековчилик» каби гуруҳбозликларга барҳам бериш вақти келди. Дубайдаги учрашув ҳам айни шу мақсадда уюштирилган.
«Албатта, собиқ президентлар бирин-кетин норози бўлган жиҳатларини баён қилди, хафагарчилигини тўкиб солди. Аммо айни чоқда улар ўз хатоларини тан олди. Энг асосийси – улар бир-бирини афв этди! Мақсад-муддаом ҳам шу эди. Мен турли вилоятлар аҳолиси, собиқ президентларнинг тарафдорлари сиёсат билан машғул бўлишни бас қилиб, келажак йўлида иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшишларини орзу қиламан», – деб ёзди С.Жапаров.
Амалдаги президент собиқ ҳамкасблари хунрезликларга олиб келган хатоларга йўл қўйганини қайд этар экан, Қирғизистон халқини барча гина-кудуратларни унутиб, мамлакат равнақи йўлида бирлашишга даъват қилган.
Қирғизистон Республикасининг 30 йиллик тарихида мобайнида президентлар инқилоб йўли билан алмашиб келмоқда.
Биринчи президент Асқар Акаев «Лола инқилоби»дан кейин Москвага қочиб кетган.
Инқилоб йўли билан ҳокимиятга келган Қурманбек Бакиев айни шу усулда олий лавозимдан четлатилган ва Беларусдан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган.
2011–2017 йилларда Қирғизистонни идора этган Алмазбек Атамбаев давлат раҳбари лавозимидан кетгач, Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида айбланиб қамоққа олинган.
Сооронбай Жээнбеков 2017 йил 24 ноябрдан Қирғизистон етакчиси сифатида иш бошлади. Аммо унга президентлик ваколатини охирига етказиш насиб этмади: оммавий норозилик намойишларидан кейин 2020 йил 16 октябрь куни истеъфо беришга мажбур бўлди.
Садир Жапаров давлат раҳбари лавозимига киришгунга қадар озодликдан маҳрум этиш муассасасида жазо ўтаган. 2017 йили гаровга олишда айбланган С.Жапаров 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2020 йил октябрь намойишлари пайти тарафдорлар томонидан озод қилинган сиёсатчи пировардида президентлик сайловида ғолиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Қирғизистон Олий суди А.Атамбаевга чиқарилган 11 йиллик қамоқ жазоси ҳукмини тўхтатиб, хорижда даволанишига рухсат бериши ортидан у Дубайга учиб кетган эди.
2021 йил август ойида биринчи президент А.Акаев кутилмаганда Москвадан Бишкекка қайтган ва терговга жалб этилган эди.
2022 йилнинг сентябрида эса БМТ бош котиби яна бир собиқ президент Р.Отунбаевани Афғонистон бўйича махсус вакил этиб тайинлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter