Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фаластинлик аёл ва очликдан қийналаётган уч эгизак

Фаластинлик аёл ва очликдан қийналаётган уч эгизак

Исроил армиясининг ҳужумлари туфайли Ғазо секторининг шимолидаги Ал-Шифо касалхонасини тарк этишга мажбур бўлган фаластинлик Незиҳа Авад, тўйиб овқатланмаслик туфайли вазни 2 кгга тушиб кетган уч эгизаги ҳаётидан хавотирда.

18 март куни Исроил армияси минглаб бемор ва кўчирилган аҳоли бошпана топган Ал-Шифо касалхонасига кенг кўламли рейд ўтказди. Рейд давомида Исроил кучлари 800 дан ортиқ одамни ҳибсга олди ва сўроқ қилди, 170 дан ортиқ фаластинликни ўлдирди.

Исроил ҳужумлари туфайли Ғазо секторининг жанубига кўчиб ўтишга мажбур бўлган 44 ёшли фаластинлик аёл уч эгизаклари — Мелек, Хидир ва Мустафо учун сут ҳам топа олмаётганини маълум қилди. Шунинг учун чақалоқлар вазн йўқотишмоқда ва уларнинг соғлиғида муаммолар кузатилмоқда.

Аваднинг таъкидлашича, у олти кун давомида Исроил армияси қуршовидаги Ал-Шифо касалхонасида жуда оғир шароитларда бўлган. Сўнг, у болалари билан Ғазо секторининг шимолий қисмидан жанубга қараб кетган.

«Уч эгизагим ва мен тўйиб овқатланмасликдан азият чекканмиз, жанубга кўчиб ўтиш учун Ғазо шаҳридаги Ал-Шифо касалхонасини тарк этишга мажбур бўлдик», деди фаластинлик аёл.

Аваднинг сўзларига кўра, у фарзандлари билан ҳозирда бошқа кўчирилган фаластинликлар қатори чодирда.

«Фарзандларим сут ва озиқ-овқат этишмаслиги туфайли тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда ва улар жуда кўп вазн йўқотишди», деб афсусланади Авад.

Унинг қайд этишича, уч эгизак аслида 8 кг вазнда бўлиши керак, бироқ уларнинг вазни 2 кг гача тушиб кетган, бу уларнинг саломатлиги учун ўта хавфли ва соғлиқни сақлаш стандартларига жавоб бермайди.

Авад уч эгизакларининг ҳаётидан хавотирда эканлигини айтиб, тез ёрдам сўрайди.

Фаластинлик аёл уч эгизак қолишга мажбур бўлган «чидаб бўлмас шароитлар»га эътибор қаратди, шунингдек, улар тикланиши учун уларга озиқ-овқат ва тиббий ёрдам сўради.

Ғазо секторининг шимолидаги яшаш шароити том маънода «ҳалокатли».

Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда блокада туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда. Минтақада катта гуманитар фалокат юз бермоқда.

Минглаб бинолар, жумладан касалхоналар, масжидлар ва черковлар ҳам Исроилнинг ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари натижасида зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган.

2023 йил 7 октабрдан бери Ғазо секторидаги Исроил ҳужумлари қурбонлари сони 32,4 минг кишидан ошди, 74,7 мингдан ортиқ киши жароҳат олди.

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳали ҳам вайрон бўлган бинолар остида ва йўл четларида қолмоқда. Тез ёрдам ва фуқаро мудофаа гуруҳлари Исроил кучларининг тўсиқлари туфайли уларга етиб бора олмаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг