Истанбулда Дурдона Ҳакимованинг дугонаси ҳам ўлдирилгани расман тасдиқланди
Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, аввал Дурдона Ҳакимованинг ўлими билан боғлиқ ҳодисадан сўнг бедарак йўқолган деб топилган 1994 йилда Наманган вилоятида туғилган Эргашалиева Сайёранинг вафот этгани аниқланган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси.
Маълум қилинишича, марҳума Дурдона Ҳакимованинг яқин дугонаси бўлган. Тергов жараёнида гумонланувчилар С.Эргашалиева юзасидан кўрсатма беришдан бош тортгани қайд этилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йил 22 январь куни марҳумалар ҳамда гумонланувчилар Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган ресторанлардан бирида биргаликда тушлик қилган. Учрашув давомида С.Эргашалиева ва гумонланувчилардан бири ўртасида келишмовчилик юзага келган. Тахминларга кўра, можаро марҳуманинг Ўзбекистонга қайтиш нияти билан боғлиқ масала сабабли чиққан.
Тергов версиясига кўра, 23 январь куни гумонланувчилар тил бириктириб, С.Эргашалиевани пичоқлаб ўлдирган ва жасадни бўлаклаб, Фотиҳ туманидаги чиқиндилар қутиларига ташлашган.
24 январь куни эса улар марҳуманинг телефони орқали Д.Ҳакимовага хабар юбориб, уни чақирган ва худди шу усулда жиноят содир этган. Иккинчи ҳолатда жасад қисмлари Шишли туманидаги чиқиндилар қутиларига ташлангани билдирилган.
Оммавий ахборот воситаларида С.Эргашалиеванинг жасади топилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ Istanbul Adli Tıp Kurumu (Истанбул Суд тиббий экспертизаси)га ҳозирча жасад олиб келинмагани маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни доимий назоратга олган бўлиб, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, улар айбига иқрор бўлгани ва ҳужжатлар судга тақдим этилгани билдирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter