Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ногиронлик нафақасини «нархлаган» шифокорга суд ҳукми ўқилди

Ногиронлик нафақасини «нархлаган» шифокорга суд ҳукми ўқилди

фото:https://karel.aif.ru/

— Ёрдамга муҳтожман. Соғлигимни тиклаш учун етарлича маблағим йўқ. Ногиронлик нафақасини олишимга кўмаклашсангиз...

— Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясида яхшигина танишларим бор. Аммо, уларнинг бари мансабдор. Биласиз, мансабдорлар «катта оғиз» бўлишади...

Бухоро вилояти, Қоракўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида узоқ йиллардан буён оила шифокори вазифасида ишлаб келаётган Ҳ.Ж. қабулига оғир аҳволда келган бемордан пул ундириш мақсадида қасддан жиноят содир этган. Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га билдиришича, Ҳ.Ж.нинг хатти-ҳаракатларига суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилган.

34 ёшли, олий маълумотли, оилали, уч нафар фарзанднинг онаси бўлган шифокор бемор Т.Ҳ.нинг оғир аҳволда эканини била туриб, унинг ишончи ва умидидан шахсий манфаат йўлида фойдаланган. Натижада бемор бир неча ой давомида ушбу идора остонасида сарсон-овора бўлиб юришига сабаб бўлган. Беморга «полиартрит» касаллиги бўйича ногиронлик нафақасини танишлари орқали ҳал қилиб беришни ваъда қилган. У ўз ваъдасининг баҳосини аввалига 100 АҚШ доллари билн ўлчаган ва кейинчалик уни 250 АҚШ долларига «оширган».

Шифокор ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Т.Ҳ.га тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиясида ваколатли танишлари борлигини айтган. Гўёки, пул, айнан, ўша мансабдорларга узатилишини таъкидлаб, беморни ишонтирган. Бемор эса касаллиги, оғир моддий аҳволи ва тиббиёт тизимидаги мураккаб «тартиблар» олдида ожиз қолган. У сарсону-оворагарликлардан чарчаб, сўнгги умид билан яқин қариндошларидан 100 АҚШ доллари топиб келган. Афсуски, ораадан вақт ўтишига қарамай, ҳеч қандай нафақа ҳам, ҳужжат ҳам тайёр бўлмаган. Етмаганига, шифокор Т.Ҳ.га ногиронлик нафақасини олиш «нархи» ваколатли мансабдор танишлари орқали 250 АҚШ долларига «кўтарилгани»ни билдирган.

Ҳафсаласи пир бўлиб, сабр косаси тўлган бемор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Т.Ҳ.нинг аризаси асосида тезкор тадбир уюштирилган. Махсус кимёвий ишлов билан белгиланган 250 АҚШ доллари Т.Ҳ.га берилган. Шифокор Ҳ.Ж. шахсий манфаатини ўз лавозими ва обрўйидан устун келиб, ҳеч қандай шубҳаларсиз қабулига келган бемор Т.Ҳ.дан пулни келтирган-келтирмаганини талаб қилган. Ва шахсан ўз иш жойида бемор томонидан тутқазилган пулларни «амбулатор карта» орасига жойлаштирган.

Орадан дақиқалар ўтиб, пул билан бирга жиноят ҳам фош этилган.

Суд-тергов жараёнларида комиссия аъзолари бу шахсни, умуман, танишмаслиги, ҳатто, бемор Т.Ҳ.га оид ҳужжатлар уларга ҳеч қачон келиб тушмагани очиқланган. Айби тўлиқ исботланган шифокорга суд ҳукми ўқилди. У 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини олди. Бундан ташқари, 2 йил муддатга тиббиёт муассасаларида шифокор бўлиб ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосига ҳам ҳукм қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг