«Баланд деворлар ҳам хатардан ҳимоялай олмайди» – Самарқандда стратегик мустақиллик масалалари муҳокама этилмоқда
Бугун, 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик конференцияси: Глобал дарвоза» деб номланган йирик анжуман бошланди. Тадбирда қатнашаётган юқори мартабали меҳмонлар ҳамда экспертлар бугунги беқарор замонда икки йирик минтақа ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашмоқда.
Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Россиянинг Украинага босқини сабаб, кўп йиллар давомида шаклланган халқаро тартиб издан чиққани, бундай шароитда ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
«Бугун (чегара) деворлари ҳар қанча баланд бўлмасин, хатардан иҳоталай олмайди. Демак, мамлакатлар ўзаро ҳамжиҳатлик йўли билангина хатарларга қарши тура олиши мумкин», – деди Жозеп Боррель.
Дипломатнинг таъкидлашича, дунё давлатлари, жумладан, Марказий Осиё ҳам стратегик автономияга эга бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳар бир давлатнинг ҳамкорлик борасида эркин танловга эга бўлмоғини англатади. Тажрибали сиёсатчи давлатларнинг бир-бирига ортиқча қарамлиги қимматга тушишидан огоҳлантирди.
Қонун устуворлиги тамойили эса минтақада барча соҳалардаги тараққиёт калити сифатида уқтирилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо Украина уруши оқибатида юзасига келган озиқ-овқат, энергия муаммоларига эътибор қаратди. Ўзбекистонда бир қатор йирик лойиҳаларни амалга ошираётган банк етакчиси уруш ва пандемия туфайли юзага келган муаммолар дунё ҳамжамияти, жумладан, Марказий Осиё учун ҳам имконият эканини урғулади. Таъкидланишича, минтақа давлатлари мушкулотларни янги имконият деб билган ҳолда, экспорт ва савдо йўлларини диверсификация қилиши керак.
«Мутафаккир Жалолиддин Румийнинг «Бу ؘ– сизнинг йўлингиз, уни фақат сиз босиб ўтмоғингиз лозим, ўзгалар сиз учун бу йўлни босиб ўтмайди» деган ҳикмати бор. Бу – Марказий Осиё давлатларига ҳам тааллуқли. Айни чоқда, ЕТТБ ушбу йўлда ишончли ҳамкор бўлишга тайёр», – деди Одиль Рено-Бассо хоним.
Анжуман давомида минтақада савдо ва божхона тизимини соддалаштириш, чегара шаффофлиги, бу борада ЕИни ҳам қамраган ягона рақамли платформа таъсис этиш лозимлиги таъкидланди.
ЕИнинг 2021 йил 1 декабрда қабул қилинган «Глобал дарвоза» деб номланган янги стратегияси доирасида ташкил этилган илк минтақавий анжуманда рақамлаштириш, транспорт ва логистика, энергетика ва сув ресурслари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter