Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марказий банк: экспертларнинг инфляция бўйича кутилмалари ижобий

Марказий банк: экспертларнинг инфляция бўйича кутилмалари ижобий

2026 йил май ойида ўтказилган сўров натижалари молия соҳаси экспертларининг инфляция ва иқтисодий барқарорлик бўйича қарашлари ижобий томонга ўзгараётганини кўрсатди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Сўровда жами 41 нафар эксперт иштирок этган бўлиб, уларнинг 71 фоизини тижорат банклари, 22 фоизини микромолия ташкилотлари ва 7 фоизини бошқа молия институтлари вакиллари ташкил қилди.

Натижаларга кўра, келгуси 12 ой учун йиллик инфляция бўйича кутилмалар 7,5 фоиздан 7,2 фоизгача пасайган. Келгуси уч йил учун инфляция прогнози ҳам 5,7 фоиздан 5,4 фоизга тушган. Бу кўрсаткичлар инфляциянинг Марказий банк белгилаган 5 фоизлик мақсадли даражасига яқинлашаётганини англатади.

Таъкидланишича, 2025 йил декабрида келгуси 12 ой учун инфляция 7,8 фоиз деб баҳоланган бўлса, май ойига келиб бу кўрсаткич 7,2 фоизгача камайган.

Экспертларнинг инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига эришиш бўйича ишончи ҳам ортиб бормоқда. Май ойида иштирокчиларнинг 51,2 фоизи ушбу мақсадга 2027–2028 йилларда эришилишини кутмоқда. Бу апрель ойидаги 48 фоизлик кўрсаткичдан юқори.

Марказий банкнинг асосий ставкасини ўзгартирмаслик бўйича қарашлар ҳам устувор бўлиб қолмоқда. Экспертларнинг 80,5 фоизи навбатдаги бошқарув йиғилишидан кейин ставка 14 фоиз даражасида сақланишини прогноз қилган. Келгуси 12 ой учун асосий ставка бўйича кутилмалар эса 13 фоиз атрофида шаклланган.

Шунингдек, банклараро пул бозоридаги ресурслар қиймати бўйича кутилмалар юқори сақланмоқда. Бир йиллик ресурслар бўйича ставкалар келгуси 30 кунда 15,8 фоиз, келгуси 12 ойда эса 15 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Иқтисодий ўсиш бўйича баҳолар ҳам ижобий сақланмоқда. Экспертлар жорий ва келгуси йилда реал ялпи ички маҳсулот ўсиши 6,4 фоиз даражасида бўлишини прогноз қилмоқда.

Шу билан бирга, номинал иш ҳақи ўсиши жорий йилда 13,3 фоиз, келгуси йилда эса 12,8 фоиз бўлиши кутилмоқда. Умуман, сўров натижалари молия бозори иштирокчилари инфляциянинг босқичма-босқич пасайиши, пул-кредит сиёсати барқарорлиги ва иқтисодий ўсиш суръатларининг сақланишига ишонаётганини кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг