Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлигида брифинг. Қўчқоров яхшигина «терлади», Ортиқова эса...

Адлия вазирлигида брифинг. Қўчқоров яхшигина «терлади», Ортиқова эса...

Маълумки, жорий йилнинг 22 майидан 6 июнигача regulation.gov.uz порталида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини омма муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа юзасидан ижтимоий тармоқларда озмунча фикр-мулоҳаза билдирилдими?! Яқин орада бирорта қонун лойиҳасини жамоатчилик бунчалар элакдан ўтказмаганди, рости...

Бугун Адлия вазирлигида мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, лойиҳа юзасидан келиб тушган таклифлар бўйича брифинг уюштирилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Адлия вазирлигида оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтадиган катта-кичик тадбирлар доим баҳс-мунозаралар бой тарзда кечади. Бу сафаргиси ҳам аввалгилардан қолишмади. Натижада вазир ўринбосари Баҳром Қўчқоров савол-жавоблар чоғида яхшигина «терлаши»га тўғри келди. Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова кўпам саволлар бўронида қолмаган бўлса-да, тадбирга «ўз имзосини чекишга» муваффақ бўлди барибир. Савол-жавоб жараёнида юзага келган бўшлиқларни эса Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Нодиржон Мақсумов (ходимлари ёрдамида) тўлдириб турди.

Айтилдики, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ушбу ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта янгилик. Бу борада ўтган йиллар давомида муайян ҳаракатлар бўлган, маълум лойиҳалар тайёрланган ҳам. Бироқ уларни ҳаётга татбиқ этишда сиёсий ирода ва иштиёқ етишмагани эндиликда сир эмас. Қачонки, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланиб, ҳаётга жорий этилиши натижасида давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотлар бошланди. Давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли орган — давлат органлари ва ташкилотларида ишчи ходимларни бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат фуқаролик хизмати агентлиги ташкил этилди. Бу борадаги ишларнинг изчил давоми сифатида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматини комплекс равишда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиши баробарида номзодларни мустақил равишда танлов асосида саралаб олиш, шунингдек давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти ва унинг ваколатларини баҳолаш мезонларини белгилаб берувчи тартиб-таомиллар, уларнинг малакасини оширишга қўйилган талаблар ҳам ўз аксини топган.

Тадбирда Қонун лойиҳасининг 3-моддаси мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди. Негаки, энг кўп баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган қоидалар шу моддада акс этганда. Яъниким, унда мазкур қонун билан давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилиши белгиланган нормалар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьяларга татбиқ этилмаслиги қайд этилган.

Нега? Масалан, ҳокимлар. Улар давлат фуқаролик хизматининг энг бирламчи вакиллари ҳисобланади. Шу баробарида ташқари барча туман ва шаҳар ҳокимлари маҳаллий кенгаш депутати, вилоят ҳокимлари эса сенатор ҳисобланади. Шундай экан, мазкур амалдорларнинг «кўпга келган тўй»дан «четда қолдирилиши» қанчалар мақсадга мувофиқ?

Айни мазмундаги саволга берилган жавобдан уққанимиз шу бўлдики, дунё тажрибасида мазкур мансабдор шахслар фуқаролик хизматчиларига эмас, сиёсий хизматчилар тоифасига киради. Умумий қоидага кўра, деярли барча мамлакатларда давлат хизматчилари фуқаролик ва сиёсий хизматчиларга бўлинади. Уларнинг мақоми махсус ҳужжатлар билан тартибга солинади. Давлат хизматчилари билан таққослаганда давлатнинг сиёсий лавозимларига нисбатан доим ҳам меҳнат қонунчилиги амал қилавермайди, чунки улар халқ ёки депутатлар томонидан сайланади ёки юқори турувчи органлар томонидан тайёрланади ва меҳнат қонунчилигида кўзда тутилмаган асосларга кўра лавозимидан озод этилиши мумкин. Бошқача айтганда, давлат хизматини тартибга солувчи нормалар сиёсий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.

Бироқ бу дегани — давлат хизматчиларининг қандайдир тоифалари ўз даромади ва мулкини мажбурий равишда декларация қилиш тизимидан мустасно қилади, маъносини англатмайди. Дунё тажрибаси давлат хизматчилари даромади ва мулкини декларация қилиш билан боғлиқ масалалар мустақил қонунчилик ҳужжатлари ёки коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ ҳужжатлар билан тартибга солинган. Қолаверса, Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (2019 йил, 3 октябрь) мувофиқ давлат хизматчилари томонидан ўз даромад ва мулкини мажбурий равишда декларация қилиш тизимини изчил жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Тадбир давомида жамоатчилик фикри ва хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда агар бири иккинчисига тўғридан тўғри тобе ёки назорат остида бўлса, яқин қариндошларнинг битта давлат ташкилотида лавозим эгаллашига имкон берувчи қоидалар қайта кўриб чиқилади. Бунда мансабдор шахслар ва уларнинг оила аъзолари томонидан хорижий давлатлар банкларида ҳисоб рақами очиш, хорижда қимматбаҳо буюмлар сақлаш ва кўчмас мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар ҳам қўшимча равишда ўрганиш кўзда тутилган.

Пировардида айтилдики, қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этади, сўнг яна бир бор жамоатчилик муҳокамасига қўйилгач, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бугунгидек тадбир ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг