Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Дўст бошга кулфат тушганда билинади» – Туркия элчиси Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди

«Дўст бошга кулфат тушганда билинади» – Туркия элчиси Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди

Фото: «Xabar.uz»

Туркия халқи кучли табиий офат кунларида Ўзбекистон халқи кўрсатган кўмакни унутмайди. Бу ҳақда Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар 9 февраль куни Тошкентда журналистлар билан учрашувда гапирди.

«Дўст бошга кулфат тушганда билинади деган гап бор. Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида рўй берган кучли зилзила кунларида Ўзбекистон халқи биз билан елкама-елка турганидан ғоят миннатдормиз. Муҳтарам Перзидент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Туркияга иккита қидирув-қутқарув гуруҳи юборилди. Ўзбекистонликлар табиий офатда жабр кўрганларга моддий-молиявий кўмак кўрсатмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига, кўмак йиғиш тадбирини ташкил қилган Савдо-саноат палатасига ва  тадбиркорларимизга раҳмат айтаман», – деди элчи Олган Бекар.

Тошкент шаҳри Бобур кўчаси 30-уйда инсонпарварлик кўмаги йиғиш давом этмоқда. Фото: «Xabar.uz»

Кучли зилзила рўй берган 6 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилиб, кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафот кўрилгани муносабати чуқур ҳамдардлик изҳор этди.

Зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилардан иборат биринчи гуруҳи Ҳатай вилояти Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишлари олиб бормоқда.

Қардош ўлкадаги табиий офат ўчоғига Ўзбекистондан 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи ҳам юборилди.

9 февраль куни президент Ш.Мирзиёев Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, Ўзбекистон барча зарур ёрдамга тайёрлигини билдирди, ҳамдардлик китобига тасалли сўзларни ёзиб қолдирди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган турк ишбилармонлари томонидан инсонпарварлик акция ташкил этилди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти технопаркида (Яккасарой тумани Бобур кўчаси 30-уй) Туркияга юбориш учун бирламчи буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини йиғиш давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг