Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕИ Тошкент ботаника боғига техник кўмак кўрсатди

ЕИ Тошкент ботаника боғига техник кўмак кўрсатди

Европа Иттифоқи академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғига техник кўмак кўрсатди. Ёрдам тўплами боғдаги ишларнинг самарадорлигини ошириш учун замонавий техника ва меҳмонлар учун қулай ўриндиқларни ўз ичига олади.

Шу муносабат билан боғ ҳудудига ташриф буюрган ЕИнинг юртимиздаги элчиси Тойво Клаар ботаника боғини «шаҳар марказидаги хазина» деб атаган.  

«Бу боғ минтақага хос бўлган энг катта ва қадимги табиий боғлардан бири бўлиб, дам олиш ҳамда илмий тадқиқотлар учун хизмат қилади. Боғ меҳмонларга беш минтақа – Марказий ва Шарқий Осиё, Узоқ Шарқ, Европа ва Шимолий Американинг ўсимлик дунёсини ўрганиш имкониятини беради. Бу ерда 4500 дан ортиқ дарахт, гул ва ўсимлик турлари мавжуд», – дейди ЕИ элчиси.

Дипломат Тошкент аҳли ва меҳмонларини бу ўзига хос маконда кўпроқ бўлишга ундаган.

«Бу ерда нафақат табиатнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, балки табиатни муҳофаза қилиш ва биохилмахилликни сақлаш учун кўрилаётган саъй-ҳаракатлар билан танишиш мумкин. Дунёда экологик бузилиш ва иқлим ўзгариши каби йирик муаммолар кун тартибига чиқаётган бир вақтда Тошкент ботаника боғи каби жойлар экологик онгни оширишда муҳим ўрин тутади», –  дейди Тойво Клаар.

Маълумот ўрнида, ҳар йили май ойида Европа Иттифоқи фестивали тадбирлари ҳам айнан ботаника боғида ўтказилади.

ЕИ Ўзбекистонни яшил энергетикага ўтиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чорлаб келади.

«Тошкентнинг ўпкаси» деб таърифланадиган ботаника боғи МДҲ ҳудудидаги энг йирик ва қадимий табиий боғлардан биридир. Ҳозирда бу маскан Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофонди институтига тегишли.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг