Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғузордаги «номаълум» касаллик номи маълум бўлди

Ғузордаги «номаълум» касаллик номи маълум бўлди

Ғузор туманида «номаълум» касалликка чалиниб, вафот этгани айтилган икки нафар бола ва уларнинг яқинлари ҳолатини ўрганиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юборилган малакали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ иш олиб бормоқда.

ССВ уларнинг дастлабки хулосаларини маълум қилган. Айтилишича, 2019 йилда туғилган А.Н. (ўғил бола) 2022 йил 20 июнь куни соат 9:40 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси болалар реанимацияси бўлимига ўлимолди ҳолатида олиб келинган.

Болага «Юқори нафас йўллари яллиғланиши. Гипертермик ва талваса синдроми. Асорати: токсик энцефалопатия. Бош мия шиши. Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги. ДВС синдроми. Карахтлик 2-даражаси» ташхиси қўйилган. Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, шифохонага олиб келинганидан 1 соату 10 дақиқа ўтиб, болада биологик ўлим қайд этилган.

Шу йилнинг 22 июнь куни соат 23:05 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига 2016 йилда туғилган А.Г. (қиз бола) ҳам ўта оғир аҳволда ётқизилган. У 20 июнь куни вафот этган А.Н.нинг яқин қариндоши бўлган. Бу беморга «Юқори нафас йўллари яллиғланиши. Вирусли интенциал синдром. Токсико инфекцион шок. ДВС синдроми. Гемолитик уремик синдром. Ўткир буйрак етишмовчилиги. Анурия босқичи. Токсик энцефалопатия. Мия шиши. Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги» ташхиси қўйилган.

Беморни даволаш учун болалар реаниматологи, болалар невропатологи, гематолог, нефролог, токсиколог ва инфекционист мутахассислар жалб қилинган. Бироқ кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор 2022 йил 24 июнь соат 04:00 лар атрофида вафот этган.

Вафот этган А.Н. ва А.Г. бир дарвозадан кириладиган икки ҳовлида яшаган. Болалар бирга ўйнаган, баъзан бирга овқатланган. Улар билан контактда бўлган 9 киши профилактика мақсадида изоляцияга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида ўта хавфли инфекцион касалликларга лаборатор таҳлиллар ўтказилган.

Натижада, айни пайтда 2018 йилда туғилган А.А.да геморрагик иситма гумон қилинмоқда. Шу боис унинг қон таҳлилларини якуний текшириш ва хулоса бериш учун Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти лабораториясига юборилган. Бу жараён эса маълум вақт талаб қилади.

Маълумот учун, геморрагик иситма асосан майда кемирувчилардан, ҳашарот(кана)лардан одамга турли йўллар билан юқади.

Эҳтиёт чораси сифатида зарур эпидемиологик тадбирлар бошланган. Беморлар яшаган хонадонда профилактик дезинфекциялаш ишлари ўтказилган. Уйдаги ичимлик сақланадиган ҳовуздан лаборатор текширув учун намуна олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг