Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пискент ҳокими 1 трлн. сўмга ер сотиб олди (аудио)

Пискент ҳокими 1 трлн. сўмга ер сотиб олди (аудио)

Туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев

Ижтимоий тармоқларда Пискент туман ҳокими эканлиги айтилаётган шахс аукциондаги ер савдосида салкам 1 трлн. сўм харажат қилибди, мазмунида хабар тарқалди.

Ҳолат юзасидан туман ҳокими Раҳимжон Рихсиев баёнот берди.

Ҳоким ўз баёнотида ушбу аукционда қатнашиб, ер сотиб олганини инкор қилмаган.

«Ҳақиқатдан бу ҳолат бўлган. Қайси маънода, бугунги кунда ер бериш тартиби мутлақ ҳокимлардан олинган. Фақат шаффоф аукцион орқали ер берилади. Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрь кунидаги 709-сонли қарори бўйича тартибга солинган.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ер майдонлари аукцион орқали ижарага берилмоқда. Хусусан, шу йил бўйича ғолиб бўлган инсонлар ердан олинадиган даромаднинг сарҳисобини қилмасдан, ўзлари эгалик қилишмоқда. Яъни, тадбиркорлар «А» ва «Б» блоклар бўйича берилган шартлар бўйича ғолибликни қўлга киритишмоқда. Агар туман ҳокимлари беш кун муддатда ижара шартномасини имзоламаса, дастур автоматлаштирилган тарзда ижара шартномасини имзоламоқда.

Пискент туманида ҳам бир нечта фуқаролар 100 миллиард, 250 миллиард, 1 триллион сўмга қишлоқ хўжалигидаги ер майдонларини ижарага олишмоқда.

Бу платформага нисбатан менда бироз ишончсизлик пайдо бўлди. Шуни синаб кўриш мақсадида аукционда қатнашиб, салкам 1 млрд сўмга Оҳангарон туманидаги 397 гектар ерни 30 йил муддатга ютиб олдим. Платформа тартиби бўйича беш кун ичида ижара шартномаси имзоланди. Ижара шартномасининг ер ҳаққи қисмида «қонунчиликда белгиланган муддатларда ва қийматларда ижара ҳаққи тўланади. Ер ижара солиғи сифатида белгиланади, деб қўйилган. Биз ғолиб бўлган ва аукционда қатнашаётган инсонларга «қўйилган суммани тўлайдими ёки тўламайдими», деган саволга аниқ ечимни айта олмаяпмиз. Шу масалани ўзимдан ўтказиш учун аукционда қатнашиб кўрдим. Лекин бундай резонанс беради деб ўйламаган эдим.

Мен олдин тадбиркорлик бўлган бўлсам-да, ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланмайман. Қолаверса, чорвачилик мен учун бегона соҳа», дея изоҳ берган ҳоким.

Раҳимжон Рихсиевнинг қўшимча қилишича, бу масала билан у бир нарсага эриша олдими ёки эриша олмадими, буни вақт кўрсатади.

«Лекин яна бир бор айтаман тадбиркорлик билан шуғулланиш хоҳиши менда мавжуд эмас. Ерни давлат захирасига қайтариб беришни таъминлайман. Бундан кейинги ҳолатларда белгиланган тартибда давлат идоралари билан музокаралар олиб бориб, иш юритаман», дейди у.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг