Руҳшунос бурчаги: адашган қизга маслаҳатлар
«Менинг телеграмдаги рақамимга нотаниш йигитдан хабарлар кела бошлади. Жавоб ёздим. Виртуал суҳбатларимиз чуқурлашиб кетди ва йигит мени севиб қолди. Мен бундан хавотирга тушиб, уни «қора рўйхат»имга киритдим...
Орада отам оламдан ўтди. Тушкунликка тушиб юрган кунларимнинг бирида ўша йигит «мен бу қизни бадном қилдим» деб гап тарқатибди. Яқинларимга билдирмадиму, аммо ўзим боши берк кўчага кириб қолдим. Илтимос, бахтиқаро бўлиб қолмасимдан йўл кўрсатинг».
Адашган қиз.
Телеграм каби ижтимоий тармоқ воситалари чиқмаган пайтларда ҳам одамларнинг гап-сўзлари бўлган. Шундай экан, сабабни бундан изламаслик керак. СМС қабилидаги суҳбатлар оқибатида инсонларда севгидан ҳам кўра ўзаро боғланиш кўпроқ юз беради. Уларнинг биоаурасида мослашув пайдо бўлади. Натижада янада чуқурроқ яқинлашиш ҳиссиёти уйғонади.
Савол берган қиз туфайли, гарчи ёмон мавзуларда гаплашмаган бўлса-да, йигитда қизиқиш жараёни кечган. Агар инсон 90 кун давомида ҳар куни бир соатдан ким биландир мунтазам равишда гаплашиб турса, унинг ботиний онгига ҳам кириб боради. Бу илмий равишда исботланган.
Савол берган қизимизга шу тариқа боғланган йигит мазкур ҳолатдан чиқиб кетишга қийналган ва, табиийки, аламидан гап-сўзлар тарқата бошлаган. Агар қиз бу гапларга эътибор бериб, қийналаётган бўлса, демак, қаердадир ўзини («гаплашмасам бўларкан, бошида ўчириб ташласам яхши эди» деб) айблаяпти.
Унутманг, инсон ўзини ҳар қанча айбласа, атрофдан ҳам худди шунча айбловлар келаверади. Бундай натижа бўлмаслиги учун вазиятни тўғри таҳлил қилиб, бегоналар билан танишув оқибатида узоқ суҳбатлашиш ўзаро боғланишга олиб келишини тушуниб етмоқ керак.
Қизга маслаҳатимиз: энг аввало, феъл-атворингизда қандайдир инсонлар билан ўртангизда «чегара ушлаш» кўникмасини шакллантиришингиз, ўз ҳудудингизга ҳар кимни ҳам киритмасликни ўрганишингиз лозим. Сиз ички ҳиссиётларингизни жиловлай олсангизгина бегоналар билан гаплашинг, ўзаро суҳбатдан мақсадингизни англаб етинг.
Хуллас, бу воқеа савол берган қиз учун сабоқ бўлиб хизмат қиляпти. Фақат тўғри хулоса чиқарса ютуққа эришиши мумкин. «Омадсизман, менга бахт кулиб боқмаяпти» дейиш баттар тушкунликка туширади. Гап-сўзларнинг нотўғри эканлигини бирма-бир ҳаммага тушунтириб чиқа олмайди-ку!
Шундай экан, вақти келиб кимнинг аслида қандайлиги аён бўлади. Бу каби қизлар эса ҳаётда бўшашмасин, ўз мақсади сари илдам юрсин. У ютуқларга эришиш орқали ўша йигитнинг гаплари нотўғри эканлигини исботлаган бўлади. Демак, хат ёзган қиз кучли шахс, зеро, фақат кучли инсонларга доимий равишда синовлар берилади.
Бахтинисо Азимбоева,
шифокор-руҳшунос.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter