Самарқандда муҳим халқаро экологик тадбир бошланди
2 июнь куни "Silk Road Samarkand" мажмуасининг Экспомарказида "Eco Expo Central Asia 2026" халқаро экологик кўргазмасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган вакиллар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инвесторлар, экологик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари, экоинноваторлар, шунингдек, давлат органлари ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирди.
Кўргазманинг расмий очилиши лента қирқиш маросими билан бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ижрочи директори Ингер Андерсен ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи бош директори Гретел Агилар иштирок этди.

Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида "Eco Expo Central Asia" амалий ҳамкорликларни шакллантириш, инвестициявий жозибадор экологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, янги қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш ва узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун самарали платформага айланиши лозимлигини таъкидлади.
“Ушбу кўргазма Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида инновациялар, инвестициялар, билим ва аниқ ечимларни бирлаштирувчи «яшил» технологик кўприкни яратиш йўлидаги муҳим катализаторга айлансин”, — деди А. Абдуҳакимов.
Шунингдек, форумнинг асосий ғояси иқтисодиётни энг илғор «яшил» технологияларни жорий этиш орқали ривожлантириш ва айни пайтда атроф-муҳитни келажак авлодлар учун асраб-авайлашдан иборат экани қайд этилди.

Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов Самарқандни Марказий Осиёнинг «яшил» инвестициялар ва инновациялар пойтахти деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. У шаҳарнинг экологик дипломатия, «яшил» молиялаштириш ва барқарор технологияларни илгари суриш бўйича халқаро майдон сифатидаги роли тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
"Eco Expo Central Asia" кўргазмаси яшил иқтисодиётни ривожлантириш, экологик технологияларни жорий этиш ва барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда Тошкентда ўтказилган "Eco Expo Central Asia 2025" Марказий Осиёдаги илк шундай йирик экологик кўргазма бўлиб, қарийб 7,5 минг иштирокчини бирлаштирган ҳамда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда 130 дан ортиқ экологик лойиҳаларни ишга тушириш майдонига айланган эди.

2026 йилда кўргазма янги босқичга кўтарилмоқда. Унда 10 мингга яқин маҳаллий ва хорижий иштирокчилар қатнашиши кутилмоқда. Кўргазма доирасида экологик маҳсулот ва хизматларни намойиш этувчи 68 дан ортиқ павильон, шунингдек, Марказий Осиё экоинноваторлари учун 20 та стартап майдони ташкил этилган.
"Eco Expo Central Asia 2026" доирасида «яшил» энергетика, чиқиндиларни қайта ишлаш, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган 50 дан ортиқ сайд-ивент, форум ва тақдимотлар ўтказилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter