Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сэнкаку ороллари: cтатус-квони куч билан ўзгартиришга уриниш хавотирли деб баҳоланмоқда

Сэнкаку ороллари: cтатус-квони куч билан ўзгартиришга уриниш хавотирли деб баҳоланмоқда

Япония ташқи ишлар вазирлиги биноси.

Фото: Xabar.uz

Хитой томонидан Сэнкаку ороллари теграсидаги статус-квони, яъни мавжуд вазиятни куч билан ўзгартиришга уриниш жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу ҳақда Япония ташқи ишлар вазирлиги мулозими Xabar.uz мухбири билан мулоқотда маълум қилди.

Суҳбатдошга кўра, Хитой соҳилни қўриқлаш хизмати кемаларининг Япониянинг Сэнкаку ороллари теграсидаги ҳудудий сувларига дахл этиши тез-тез кузатилмоқда.

Сўнгги йилларда оролга туташ ҳудудда Хитой соҳилни қўриқлаш хизмати кемаларининг фаоллиги ҳам деярли ҳар куни қайд этилмоқда. Хусусан, 2025 йилда соҳилни қўриқлаш хизмати кемаларининг Сэнкаку оролларига туташ зонада бўлиши рекорд даражага – 357 кунга етган.

“2025 йил май ойида Хитой соҳилни қўриқлаш хизмати кемалари Япониянинг Сэнкаку ороллари теграсидаги ҳудудий сувларига кирди. Соҳилни қўриқлаш хизматига тегишли кемадан учирилган вертолёт эса ушбу ороллар ҳаво ҳудудига дахл этди. Умуман, 2025 йилда Хитой соҳилни қўриқлаш хизмати кемаларининг ҳудудий сувларга бостириб кириши билан боғлиқ 27 та ва япон балиқ овловчи кемаларига яқинлашиши билан боғлиқ 8 та ҳолат қайд этилдики, бу вазият жиддий қолаётганидан далолат беради”, – дейди суҳбатдош.

Қолаверса, Хитой ҳарбий денгиз кемаларининг Сэнкаку оролларига туташ зонага кириши ҳолатлари ҳам ташвишли деб баҳоланмоқда.

Айни чоқда, Пекиннинг Япон денгизи ва Тинч океанидаги доимий фаоллиги саволлар туғдирмоқда.

Сўнгги вақтларда Пекин Жанубий Хитой денгизидаги табиий ресурсларни ўзлаштириш бўйича фаолиятни ҳам жадаллаштиргани айтилади.

Токиодаги Ҳудудлар ва суверенитет миллий музейи. Сэнкаку оролларига оид стенд. Фото: Xabar.uz

“Япония қатъий равишда Хитойни бир томонлама ҳаракатларни тўхтатиш ва имкон қадар тез муддатда 2008 йилги шартномани амалга татбиқ этиш бўйича музокараларни қайта бошлашга чақиради”, – дейди ТИВ вакили.

Сэнкаку ороллари муҳим жуғрофий нуқтада – Жанубий Хитой денгизида жойлашган. Япониянинг Окинава префектурасига тегишли ушбу архипелагга Хитой Халқ Республикаси ва Тайвань ҳам даъво қилади.

Япония Вазирлар Маҳкамаси котибияти ҳузуридаги Ҳудудлар ва суверенитет бўйича сиёсатни режалаштириш ҳамда мувофиқлаштириш идораси етакчи координатори Сайто Коҳэйнинг ҳикоя қилишича, Япония 1895 йилда Сэнкаку ороллари ҳеч кимнинг назоратида эмаслигига ишонч ҳосил қилган ҳолда, халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида уни ўз таркибини қўшган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, 1951 йилда имзоланган Сан-Франциско тинчлик битимида мазкур оролларнинг Япония ҳудуди сифатидаги мақоми тасдиқланган. 1972 йилда Вашингтон ва Токио ўртасида тузилган Окинавани қайтариш тўғрисидаги ҳужжатда ҳам Сэнкаку ороллари Японияга тегишли экани эътироф этилган.

Хитой ороллар Япония таркибига киргандан кейинги 75 йил мобайнида мазкур ҳудудга эгалик даъвоси билан чиқмаган. 1970-йилларда Жанубий Хитой денгизида нефть қатламлари борлиги ҳақидаги хабарлар ортидан вазият ўзгарган.

“Тарихий фактлар ва халқаро ҳуқуқ Сэнкаку ороллари азалий равишда Япониянинг ҳудуди эканини шубҳасиз тасдиқлайди. Амалда ҳам ороллар Япониянинг ишончли назорати остидадир. Япония ўз ҳудудий яхлитлигини сақлаш йўлида қатъий ва вазмин равишда иш тутади. Япония минтақада тинчлик ва барқарорлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиради. Бу эса халқаро ҳуқуққа риоя этиш орқали рўёбга чиқади”, – деб хулоса қилади Ҳудудлар ва суверенитет бўйича сиёсатни режалаштириш ҳамда мувофиқлаштириш идораси етакчи координатори Сайто Коҳэй. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг