Соғлиқни сақлаш вазири коррупцияга қарши мурожаат қилди
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов соҳа ходимлари ва аҳолига мурожаат қилди. У коррупция мамлакат тараққиётига жиддий таҳдид эканини қайд этиб, мазкур иллатга қарши қатъий курашиш соҳадаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолишини таъкидлади.
Президентнинг 2026 йил 5 майдаги фармони асосида вазирлик тизими қайта ташкил этилмоқда. Марказий аппарат замонавий ёндашувга эга малакали кадрлар билан тўлдирилмоқда, коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс масалалари бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилган ҳамда ички назорат тизими кенгайтирилган, деди вазир.
2026 йилнинг дастлабки беш ойида вазирлик тизимидаги ташкилотларда masofaviyaudit.uz ахборот тизими орқали 979 та ҳолатда жами 514,9 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар эрта аниқланиб, бартараф этилган.
Шунингдек, туғуруқ муассасаларида ҳомиладорлар ва уларнинг яқинларидан ноқонуний пул талаб қилинишига чек қўйиш мақсадида «Сирли мижоз» тадбирлари йўлга қўйилгани қайд этилди.
Вазирнинг билдиришича, 2026 йил 1 июлдан бошлаб «Рақамли комплаенс» ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади. Коррупцияга қарши ички назорат фаолияти эса E-Komplaens электрон модули орқали тўлиқ рақамлаштирилади. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали коррупциявий хавфларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш режалаштирилган.
Элдор Одилов фуқароларни соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупциявий ҳолатлар, манфаатлар тўқнашуви, бюрократик тўсиқлар ёки ноқонуний тўловлар ҳақида вазирликнинг 1203 қисқа рақамли ишонч телефони ёки info@ssv.uz электрон почтаси орқали хабар беришга чақирди.
Ҳар бир мурожаат тезкор тартибда кўриб чиқилади, мурожаатчиларнинг шахси ва тақдим этилган маълумотларнинг махфийлиги тўлиқ кафолатланади, деди вазир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter