Тиш шифокори: Замонавий тиббиёт қўрқувни йўқотиб, чиройли табассумга эришмоқда
Яқинда facebook тармоғида бир тиш дўхтирининг ажойиб постларига гувоҳ бўлдим. У ёзаётган мавзулар шунчаки тиш соғломлиги ҳақидаги шифокор маслаҳати эмас эди.
Ҳар бир постида қизиқарли ва ўзига тортадиган фикрга дуч келиш мумкин.

Ўйладим, бу тиш шифокори билан суҳбат ҳам қизиқарли бўлса керак. Токи унга мурожаат қилмагунимча қаерда яшашини ҳам билмасдим. У суҳбатга бажонидил тайёр эканлигини ва қаерда ишлашини айтганда ҳаммасини тушундим. Одатда интервью учун хорижда яшайдиган ҳамюртларимиз доимо икки қўлини кўтариб тайёр эканлигини айтишади. Шаҳбозбек Ҳомидов ҳозирда Америкада яшайди. Тошкент давлат стоматолигия институтини тамомлаган. Тошкент шаҳридаги “Shokh Dentist” клиникаси асосчиси. 2016 йилдан буён instagram, facebook, Twitter, телеграм ижтимоий тармоқларида стоматологияга оид мавзуларни жамоатчиликка улашиб келади. Тиш шифокори билан суҳбат ҳам ўйлаймизки, барча учун бирдек қизиқарли ва муҳим...
– Нима учун одамлар ҳали ҳам стоматолог қабулига келишдан қўрқишади ва замонавий тиббиёт бу қўрқувни қандай енгмоқда?
– Тиш шифокорига боришга бўлган қўрқувнинг асосий сабабларидан бири собиқ совет даврида материаллар етарли эмас эди, муолажа кўпинча тиш суғуриш билан чекланган, ҳатто бу жуда оғриқли жараён бўлган. Ёки кимдир бошидан кечирган нохуш ҳолатни бошқаларга айтган ва тиш шифокорининг олдига бориш ваҳимага айланган. Кўпинча одамлар тиши оғримагунча шифокорга бормайди. Натижада касаллик оғирлашади ва даволаш қийинлашади. Мураккаб муолажа эса қўрқувни янада оширади.
Эндиликда замонавий стоматология оғриқсиз ва сифат даражаси юқорилашган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бугун кўплаб муолажалар пайтида бемор деярли оғриқ сезмайди. Ҳатто тишни даволаш ёки олишдан олдин милкка игна санчиш муолажаси ҳам сезилмас даражада қилинади. Чунки эндиликда ниналар жуда ингичка. Қолаверса, технологиянинг ривожланиши стоматология соҳасига катта ўзгариш олиб келди. 3D рентген, лазер, микроскоп ва рақамли сканерлар ёрдамида даволаш тезроқ, аниқроқ ва хавфсизроқ бўлди. Яна бир томони психологик ёндашув ўзгарди. Ҳозир шифокор бемор билан суҳбатлашади, муолажани олдиндан тушунтиради, қўрқувни камайтиришга ҳаракат қилади. Бу эса беморда ишонч уйғотади. Замонавий стоматология оғриқни эмас, профилактика ва қулайликни биринчи ўринга қўяди. Энг катта қўрқув оғриқни кутиш. Чунки вақтида кўрикдан ўтиб турган одамда тиш муаммоси осон, тез ва қўрқувсиз ҳал бўлади. Тиш оғримаса ҳам стоматологга бориб туриш лозим. Ҳар олти ойда бир марта. Ўзбекистонда кўплаб клиникаларда консультация бепул, лекин кўпчилик шунга ҳам боришга ҳафсаласиз. Ахир замонавий тиббиёт қўрқув учун эмас, соғлом табассум учун хизмат қилади. Қолаверса соғлом тиш нафақат чиройли табассум, балки умумий соғликнинг пойдеворидир.
– Стоматология хизматлари нархи чиндан ҳам юқорими ва нархни белгиловчи асосий омиллар нималардан иборат?
– Бу нархлар тасодифан қўйилмайди. Уларнинг ортида бир нечта муҳим омиллар ётади. Биринчи омил бу билим ва масъулият. Стоматолог бўлиш осон эмас. Бу касб доимий ўқиш, ўрганиш ва катта масъулият талаб қилади. Шифокор фақат тишни эмас, балки инсон соғлиғини, ташқи кўринишини ва ҳаёт сифатини ҳам ўз зиммасига олади. Битта хато кейинчалик катта муаммоларга олиб келиши мумкин.
Иккинчи омил замонавий технологияларнинг кириб келиши. Бугунги стоматология бу оддий кресло эмас. 3D рентген, микроскоп, фотоаппарат, рақамли сканерлар, бир марталик стерил асбоблар буларнинг барчаси қиммат ускуналар. Улар даволашни аниқроқ ва хавфсизроқ қилади, лекин хизмат нархига ҳам таъсир кўрсатади. Ўзбекистонда деярли стоматология учун керакли бўлган матҳсулотлар ишлаб чиқарилмайди. Уларнинг катта қисми чет элдан кириб келади. Сифатли материаллар — пломба, имплант, коронка ёки брекетлар оддий буюм эмас. Улар биологик мос, хавфсиз ва узоқ йиллар хизмат қиладиган материаллардан тайёрланади. Сифатсиз материал арзон бўлиши мумкин, аммо унинг оқибати қимматга тушади.
Тўртинчи омил стерилизация ва хавфсизлик. Стоматологияда инфекция хавфи юқори. Шунинг учун стерилизация тизимлари, бир марталик асбоблар, махсус дезинфекция воситалари доимий харажат талаб қилади. Бу бемор хавфсизлиги учун тўланадиган ҳақ.
Қиммат деган тушунча ҳақида қизиқ бир ҳақиқат бор: одамлар қиммат кийим телефон ёки машина харид қилишда пулни ўйлашмайди, аммо соғлиғи ҳақида гап кетганда иккиланади. Аслида эса тиш қиёфанинг кўринишида ҳам, соғлиқда ҳам энг муҳим аъзолардан бири. Кийим эскиради, телефон янгиланади, аммо тишлар бир умрга берилади.

Шаҳбозбек Ҳомидовнинг ижтимоий тармоқлардан олинган иқтибослари
Арзимаган нарсаларга пулни ўйламай сарфлашимиз мумкин, аммо етти, ўн йиллаб хизмат қиладиган рангли пломба қўйдиришдан қочамиз. Агарда кимда ким 60 ёшимда ҳам мен ўз тишларим билан овқатланишни хоҳлайман деса, ёшликдан ҳар олти ойда стоматолог қабулига бориш керак. Қанча муаммоларнинг олди эрта олинса, муолажа шунча оғриқсиз, қўрқувсиз ва арзон бўлади. Аслида стоматология хизматлари қиммат эмас, балки сифатли, хавфсиз ва масъулиятли хизматдир.
– “Голливуд табассуми”, яъни винирлар... тишларнинг табиий умрини қисқартирмайдими?
– Сўнги пайтларда кўпчиликни қизиқтираётган винир қўйиш тишларга зарар қилмайдими, деган савол бугун жуда актуал. Аввало, винир нима, келинг, шу ҳақда гаплашамиз. Винир бу тишнинг олд юзасига ёпиштириладиган жуда юпқа қоплама бўлиб, у керамик ёки композит материаллардан тайёрланади. Асосий мақсад ташқи кўринишни даволаш, яъни бу муолажада эстетика биринчи ўринга чиқади, функция эса иккинчи ўринда қолади.
Қачон соғлом тишларга винир қўйиш нотўғри (бемор хоҳласа бу мустасно)ҳисобланади, деган савол туғилиши мумкин.
Агар тиш бутунлай соғлом бўлса, кариес бўлмаса, эстетик нуқсон йўқ бўлса, тишларнинг ранги ва шакли беморнинг ўзига ёқса, унда мен бундай ҳолатда винир қўйишни тўғри деб ҳисобламайман.

Сабаби оддий: винир — бу ортопедик даво, минимал инвазив усулда тиш эмали жуда юпқа чархланади. Энг муҳим жиҳати бу жараённи орқага қайтариб бўлмайди. Масалан сиз винир қўйдирдингиз, лекин ўн йилдан кейин ёқмади, деб воз кеча олмайсиз.
Бир марта винир қўйдингизми, умрбод у билан юрасиз, ўртача ҳисобда 15-20 йилда уларни алмаштириб туриш керак бўлади.
– Қачон винир ўзини оқлайди?
– Оқартириш билан кетмайдиган ранг ўзгаришлари, тишлар орасидаги очиқликлар — диастема ёки тремалар, туғма шакл нуқсонларида керакли эстетик натижа чиқмаган ҳолатларда, тишларнинг енгил қийшиқлиги ва албатта, шоу бизнес вакиллари учун (камера, саҳна, омма олдида доимий кўриниш муҳим бўлса) фойдали бўлиши мумкин. Хулоса шуки, соғлом тишлар учун винир охирги вариант бўлиши керак.
Аввал ҳар доим кам инвазий усуллар (тозалаш, оқартириш, композит ретаврациялар) кўриб чиқилиши лозим. Винир эса фақат ҳақиқатдан ҳам зарур бўлганда ва тўғри кўрсатма билан қўйилгани мақул.
– Тиш пастаси ва чўткасини танлашда одамлар энг кўп йўл қўядиган хатолар нимада? Яна сиз доимо такрорлайдиган тиш ипи ҳақида ҳам...
– Биринчи навбатда тиш пастасини танлашда одамлар ҳар доим ҳам рекламаларга учмасликларини маслаҳат бераман. Ҳар қандай тиш пастага шунчаки гигиеник восита сифатида қарашимиз лозим. Ҳар бир бемор учун индивидуал тиш пастаси танланади ва бу танлов милк ҳамда тишларнинг соғломлик даражасига қараб шифокор томонидан белгиланади.
Агар беморда аллақачон тиш тошлари ёки кариес мавжуд бўлса, ҳар қандай турдаги тиш пастаси бу муаммони ҳал қилиб бера олмайди. Бундай ҳолатларда фақат профессионал даволаш ёрдам беради.
– Ота-оналарга тиш парвариши бўйича қандай тавсиялар берган бўлардингиз?
– Икки ёшгача болаларда фтор сақламаган тиш пасталаридан фойдаланиш тавсия этилади. Агарда фторли тиш паста ишлатмоқчи бўлишса, албатта стоматологд билан маслаҳатлашиш лозим. Тиш ювиш вақти эса 2-3 дақиқадан кам бўлмаслиги керак. 6-7 ёшгача ота-оналар болаларни тишини ювишга ёрдам беришлари лозим.
Тиш чўткасини танлашда энг катта хатолардан бири — қаттиқ тиш чўтка ишлатиш ва ундан узоқ вақт фойдаланишдир. Қаттиқ тиш чўткалари эмалга ва милкка зарар етказади. Одатда стоматологлар юмшоқ ёки ўртача қаттиқликдаги тиш чўткаларини тавсия қилишади. Тиш чўткаси 3 ойда бир марта алмаштирилиши керак, уни узоқ вақт ишлатиш мумкин эмас.
Энг муҳим, аммо кўпчилик этибор бермайдиган гигиеник восита — бу флосс (тиш ипи). Жуда кўпчилик ундан фойдаланишмайди. Аслида эса икки тиш орасидаги овқат қолдиқларини тиш чўткаси тозалай олмайди. Флосс ишлатилмаса, кариес ҳам, милк муаммолари ҳам айнан шу жойлардан бошланади.

Хулоса қилиб айтганда, тишларни соғлом сақлаш узлуксиз одатга боғлиқ. Агар гигиеник воситалардан тўғри ва тўлиқ фойдаланилмаса, тиш билан боғлиқ муаммолар вақт ўтган сари кўпайиб бораверади.
– Тишларни оқартириш, тошларни олиб ташлаш муолажаси тиш эмалига ҳақиқатан ҳам зарарлими?
– Келинг, мен ўқувчиларга шундай савол берсам: тишларни қачон охирги марта тозалатишга боргандингиз?
Бу саволни кўп одам ўзига бермайди. Лекин айнан шу савол тиш саломатлигининг асосий калити ҳисобланади. Аввало битта муҳим нарсани аниқлаб олиш керак: тишларни оқартириш ва тиш тошларини тозалаш бу икки хил муолажа. Кўпчилик бу иккисини бир деб ўйлайди. Аслида эса улар мутлақо бошқа-бошқа муолажа. Масалан тиш оқартириш бу кимёвий муолажа. Унда махсус гель ёрдамида тиш ранги оқартирилади. Бу фақат бемор хоҳишига кўра қилинади, яъни эстетик мақсадда қўлланилади. Тиш оқартириш тўғри ва меъёрда қилинса, соғлом эмалга жиддий зарар етказмайди. Лекин, тиш тошлари бор ҳолатда, милк яллиғланган бўлса ёки эмал аллақачон заиф бўлса оқартириш тавсия этилмайди.
Тиш тошларини тозалаш бу ҳар бир инсон учун зарур бўлган гигиеник муолажа. Ҳар олти ойда ёки бир йилда тиш тошлари ва юмшоқ карашлар олиб ташланади. Шунда милк касалликларининг олди олинади.
Америка тажрибасидан мисол келтирсам: агар бемор 1-2 йилдан ортиқ стоматологга бормаган бўлса, биринчи навбатда даво буюрилади. Сабаби тиш тошлари узоқ вақт тозаланмаса милк касаллиги аллақачон бошланган бўлади.
– Тиш тошларини олдирмаса оқибати нима билан тугашини ҳам айтиб ўтсангиз?
– Агар тиш тошлари бор ва улар тозаланмаса оғиздан нохуш ҳид келади, ювса-ювмаса милк қонайди, милк секин-аста чекинади, охир-оқибат пародонтоз ривожланади ва йиллар ўтиб тишлар ўз-ўзидан қимирлаб, тушиб кетиши мумкин. Баъзида тишимни тозалатдим, ораси очилиб қолди, деган гапларни ҳам жуда кўп эшитамиз. Тиш ораси очилиб қолиши аслида у ерда тўпланиб қолган тошлар олиб ташлангани учун бўлади. Тиш тошлари олингач иссиқ-совуққа сезувчанлик 5-7 кун давомида айрим беморларда кузатилиши мумкин ва бу табиий ҳол ўтиб кетади. Бу ҳолатлар тишга эмас, балки илгари тозаланмаган тиш тошларига ва милкка боғлиқ бўлади.
Хулоса шуки, тиш оқартириш эстетик, хоҳишга боғлиқ муолажа. Тиш тошларини тозалаш эса ҳар ким учун шарт. Ҳеч қандай оғриқ, муаммо бўлмаса ҳам ҳар олти ойда ёки бир йилда тиш тошларини тозалатиб туришни тавсия қиламан...
P/S: Шифокор бизга яна инплантант тишлар, бруксизм (тишларни ғижирлатиш), баъзиларда муаммо генетик хусусиятга эга эканлиги, баъзиларда эса нотўғри парвариш натижасида тишлар шикастланиши, генетик хусусиятга эга муаммоларни камайтириш учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди. Бу ҳақда батафсил кейинги мақолалар орқали ёритишни лозим топдик.
Суҳбатни Барно Султонова тайёрлади


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter