Эрдўғон Қуддуси шариф борасида ваъда берди
Исроил ҳукумати Қуддуси шарифнинг исломий ўзига хослигини йўқ қилиш мақсадида тизимли равишда чора-тадбир кўрмоқда. Ушбу хавотирли фикр Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан Қуддус бўйича Парламентлараро платформанинг бешинчи анжуманида билдирилди.
«Мусулмонларнинг биринчи қибласи бўлмиш Ақсо масжидига ҳужумлар тобора кучаймоқда. Босқинчи Исроил Қуддуснинг қадимий ўзига хослигини қадам-бақадам йўқ қилмоқда», – деди Туркия етакчиси.
У Туркияни Қуддус билан тарихий ришталар боғлаб туришини таъкидлади.
«Қуддуснинг ҳар бир қаричида 400 йил давомида ушбу муқаддас шаҳарда хизмат қилган қаҳрамон аждодларимизнинг излари бор. Бу изларни ҳеч ким ўчира олмайди», – деди сиёсатчи.
Қуддусни ҳимоя қилиш инсониятни, тинчликни ва турли динларга ҳурматни ҳимоя қилишни англатади. Эрдўғоннинг ваъдасига кўра, Туркия бу йўлда курашни қатъий давом эттиради ва Фаластин масаласида ҳеч қачон сукут сақламайди.
Туркия раҳбари ўз нутқида Ғазода 35 мингдан зиёд фаластинликнинг ўлими сабаб Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни кескин танқид қилган ва уни «Ғазо қассоби», «Замонавий Фиръавн» деб атаган.
Қайд этилишича, Туркия 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазога 13 та самолёт ва 9 та кемада 50 минг тонна инсонпарварлик кўмаги юборди.
Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йил 26 октябрда имзоланган битимга мувофиқ Ақсо масжиди Қуддус ислом вақфи идораси бошқарувидадир.
Қолаверса, Исроил давлати ташкил этилгач, Қуддуси шарифдаги мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун муқаддас саналадиган ҳудудларга ўтмаслик борасида ўзаро келишилган.
Аммо кейинги йилларда Исроил полицияси мазкур битим ва келишувларни бузган ҳолда Ақсо ҳудудига бир неча бор бостириб кирди.
Қадр кечаларида муқаддас масжидга ҳужумлар уюштирилаётгани мусулмон оламида кескин эътироз уйғотиб келади.
Бир муддат олдин Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам вазият юзасидан чуқур хавотир изҳор этганди.
«Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур деб ҳисоблаймиз», – дея баёнот берган вазирлик.
Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар бўлиб келганларининг дастлабки йилларида мусулмонлар намозларини ушбу масжид томон юзланиб ўқиганлар. Бу жиҳатдан, Ақсо илк қибла ўлароқ эъзозланади. Қолаверса, Исро кечасида Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккадан Қуддусга – Ақсо масжидига сайр эттирган. Ушбу масжидда ўқилган намозга бошқа ерда ўқилган намоздан 500 баробар баланд мақом берилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамият қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Халқаро битимларга мувофиқ эса, Шарқий Қуддус мустақил Фаластин давлатининг пойтахти бўлиши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter