Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик хонанда Европанинг нуфузли санъат саройларида яккахон концерт берди

Ўзбекистонлик хонанда Европанинг нуфузли санъат саройларида яккахон концерт берди

Фото: OXUS Culture

Пандемия даврида тўхтаб қолган халқаро миқёсдаги маданий тадбирлар яна давом эта бошлади.

«Ниҳол» мукофоти совриндори Гулзода Худойназарова созандалар Бекзод Сафаров, Фаррух Воҳидовлар ҳамроҳлигида жорий йил 19 февралдан 11 мартга қадар Германия, Польша, Бельгия, Франция ҳамда Швейцариядаги нуфузли санъат саройларида яккахон концерт берди.

ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олган Шашмақом ҳамда катта ашуланинг мумтоз намуналаридан иборат ижодий дастур европаликларга манзур бўлди. Хусусан, Пьер Булез номидаги санъат саройи (Берлин), Мольер театри (Брюссель), Санкт-Галлен театри ҳамда Ҳамбург филармониясида жам бўлган санъат муҳиблари ҳайрату таҳсинини олқишлар ила изҳор этди.

Концертлар давомида халқаро эксперт Ҳусниддин Ато Ўзбекистон мусиқа маданияти, Шашмақом мероси, миллий чолғулар ҳақида маълумот бериб, тингловчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Қайд этилишича, ушбу ижодий сафар OXUS Culture маданият ташкилоти ва унинг хориждаги ҳамкорларининг бир неча йиллик меҳнати самарасидир. Мазкур ташкилот миллий мусиқа меросимизни жаҳон саҳналарида кенг тарғиб этишга йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Шашмақом, катта ашула, Фарғона–Тошкент мақом йўлларидаги ашулалар, ҳамда мумтоз ва халқ мусиқа мероси намуналарининг маҳоратли ижрочиси саналган Гулзода Худойназарова аввал ҳам Европа мамлакатларида концертлар намойиш этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг