Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Чилонзор туманида тадбиркор томонидан 58 дона дарахт илдизи билан қўпориб ташланди

Чилонзор туманида тадбиркор томонидан 58 дона дарахт илдизи билан қўпориб ташланди

Кеча 7 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида дарахтларни ноқонуний кесилиши бўйича хабар тарқалди.

Маълумотларга кўра, 58 дона баланд бўйли кўп йиллик дарахтлар қисқа вақт ичида илдизи билан қўпориб ташланган. Эрта тонгдан туман ободонлаштириш ходимлари томонидан давлат ресурслари ҳисобидан қайтадан кесилган дарахтлар ўрнига бир йиллик павлония кўчатлари ўтказиб чиқилган.

Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Қушербаев, экология қўмитаси ходимлари ҳамда экофаоллар эрталабдан воқеа жойида етиб боришган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тадбиркор томонидан табиатга 800 млн сўмлик зарар келтирилган

Ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси қуйидагича расмий муносабат билдирди:

Мазкур ҳолат юзасидан Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари бошчилигида тезкор ишчи гуруҳи тузилиб, жойига чиқиб атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижасига кўра ушбу ҳудуд “DREAM HOUSE STROY” масъулияти чекланган жамиятига тегишли эканлиги маълум бўлди. Қурилиш учун ажратилган мазкур ҳудуд жами 0.20 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, жорий йилнинг 20 январида давлат экология инспекторлари томонидан ҳудуддаги дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ҳудудда жами 58 дона ҳар ҳил турдаги манзарали дарахтлар борлиги юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.

Мазкур ҳужжат билан «DREAM HOUSE STROY» масъулияти чекланган жамияти ташкилотига дарахтларни кесмаслик ва дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан қонунчиликка белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган, шунингдек корхона вакиллари томонидан дарахтларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширмаслик юзасидан 2022 йил 20 январда кафолат хати тақдим этилган.

2022 йил 17 февралида «DREAM HOUSE STROY» масъулияти чекланган жамияти томонидан ягона дарча хизмати маркази орқали ҳудуддаги дарахтларни кесиш юзасидан ариза билан мурожаат этилган. Тошкент шаҳар Экология бошқарма томонидан ариза атрофлича ўрганилиб, дарахтларниг кесилиши борасида рад жавоби берилган.

Махсус ишчи гуруҳ томонидан бугун тунда олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида «DREAM HOUSE STROY» масъулияти чекланган жамиятига тегишли ер майдонидаги жами 58 дона ҳар ҳил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилинганлиги аниқланди.

Дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлиги натижасида ўсимлик дунёсига жами 797 700 000 сўм миқдорида зарар етказилган.

Бу билан, Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси талаблари бузилиб, Давлат экология инспекторларининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 197 прим 6-моддаси, «Жиноий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг 198-моддасига асосан жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг