Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Нолиш ҳам бир «касб», танқидчилик ҳам «шараф»

Нолиш ҳам бир «касб», танқидчилик ҳам «шараф»

Сергей Светлаков нолувчи образида.

Фото: «euroradio.fm»

Русларнинг бир мақоли бор: «Все за чистоту, но никто веник не берёт». Мазмуни жуда оддий, ҳамма тозалик деб жар соладию, ҳеч ким қўлига супурги олишни хоҳламайди. 

Охирги пайтларда муаммолар ҳақида арз қилиш бўйича жуда кенг имкониятлар яратилди. Президент портали, халқ қабулхоналари, очиқ мулоқотлар... Аммо уларга бўлаётган мурожаатлар таҳлил қилинса, салмоқли қисми аниқ бир шахснинг шу ондаги муаммоси эканлиги маълум бўлади. Кимдир уйида ўтин йўқлигидан шикоят қилган, кимгадир битта сигир керак, яна кимдир машинасига чиройли рақам илинжида. Бир қизнинг севган йигити ўзига уйланишни пайсалга солаётгани учун порталга шикоят қилгани, бир абонентнинг эса алоқа компанияси туғилган кунида уй ҳадя қилмагани устидан ёзгани алоҳида мавзу, алоҳида кулгу. 

Яъни мурожаатчиларнинг маълум бир қисми шу бугунги кун билан умр ўтказади, арзимас муаммоларни енголмай ҳалак ва энг ғалатиси уларда боқимандалик кайфияти мавжуд. Давлат ҳаммасини ечиши лозим, кимдир ҳозироқ келиб менинг масаламни ҳал қилиши шарт, деган фикрда яшашади. 

Албатта, маълум бир ҳудуд аҳолисини, бирор шаҳарни ва умуман жамиятни қийнаётган муаммолар ҳақида ёзганлар анчагина. Уларнинг куюнчаклигига шубҳа йўқ. Аммо яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб нолишни касб қилиб олаётганлар, танқид қилсанг обрўнинг тагида қоласан, деган услубни қўллаётганлар ҳам афсуски, анчагина бор. 

Энг қизиғи, кўпчилик ўз муаммоси шу ондаёқ ечилишини истайди. Бунинг учун вақт кераклиги, етарли шароит зарурлигини англаб етмайди, «давлатнинг пулини еб ётибсанми, ҳал қиласан, тамом» тамойилига амал қилади.

Ўйлаб кўрайлик, жуда майда муаммоларга ўралашиб кетмаяпмизми? Кўзимиз маиший масалаларни кўриш билангина чекланиб қолмаяптими? Энг муҳими, ўзимиз енг шимарсак, бир пасда амалга оширишимиз мумкин бўлган ишларни жар солишга ўрганиб олмаяпмизми, ечимни излаш ўрнига муаммони топиш ва кўз-кўз қилишга одатланмаяпмизми?

Кўпчиликни қийнаётган муаммолар борлигига кўз юмиб бўлмайди. «Ўзи тишим оғриб турганида чет элда зилзила бўлиб, минг киши ўлгани тўғрисидаги бемаъни гапларинг билан бошимни қотирмасангчи» дея ёзғирган экан бир киши. Кимдир уйида табиий газ ёки электр энергияси йўқлиги учун совқотиб ўтирганида дунёвий масалалардан сўз очиш ўринсиз туйилиши мумкин. Аммо барибир атрофга теранроқ назар ташлашимиз лозим.

Иккинчи жаҳон уруши меҳнат фахрийси бўлган, ёши тўқсондан ҳатлаган онахонни етаклаб, нураб кетган уй атрофини айланаётган ва «онам билан бу уйда яшаб бўлмайди, давлат бизга уй берсин, тўкилиб ётганини қаранг буни», дея далил сифатида қўли сувоқларни кўчириб ташлаётган йўғон эркакка қандай таъриф бериш мумкин? Ёки маҳалласидаги стадионни тикан босиб кетгани учун «Бу стадионда қўйлар футбол ўйнайди. Қачон бизнинг стадионимизни тозалаб беришади?» дея ўзича лавҳа олиб интернетда тарқатган йигит нимани кўзламоқда? Наҳот ёнига тўрт нафар тенгдошини тўплаб, қўлга кетмон олиб, ўзи ўйнайдиган жойни тозалаб ташлашдан кўра, ҳаммага ўз қишлоғини ва ўзини шарманда қилиш маъқул туйилса? Одатда уйи ёнидаги ахлатни бошқага кўз-кўз қилгунча, қўлга супурги олмасмиди халқимиз?

Албатта, халқ мурожаатларини қабул қилиш, тинглаш, ўрганиш ва муаммоларни ечиш давлатнинг асосий вазифаси. Лекин бу ҳолни суистеъмол қилишга ўрганиш дуруст эмас. 

Мурожаатлар орасида ватанимизнинг халқаро доиралардаги обрўсини ошириш бўйича аниқ таклифлар берганларни, ёшларга оид сиёсат, таълим тизимини такомиллаштириш бўйича дастурлар киритганларни, иқтисодда янги марраларни забт этиш юзасидан мулоҳазалар битганларни, дунёни забт этаётган юқори технологияларни жорий этиш бўйича амалий чоралар баён этилган қарашларни, хориждаги юртдошларимиз муҳофазаси, уларнинг даромадларини ҳимоялаш бўйича йўлланган хатларни кўрмаяпмиз, ёки бўлса ҳам улар ошкор қилинмаяпти.

Ахир фақат нолиш ва юзаки танқид билан тараққиётга эришиш, ҳар қандай ташаббусга ишончсизлик руҳида яшаш, кимдандир туртки кутиб ўтириш билан ривожланиш бўлмаслиги кундай равшанку.

Шундай экан, дунёни ўзгартиришни аввало ўзимиздан бошлайлик. Ҳар биримиз ўз соҳамизнинг устаси бўлишга интилайлик. Шундай қилайликки, ҳаракатларимиз аввало ўзимизга, кейин ён атрофдагиларга, ва ниҳоят бутун халқимизга наф келтирсин. 

Баландпарвоз туюлса-да, нолишни бас қилиб, Ватан равнақи йўлида енг шимарайлик!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг