Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Қизил китоб»га қора муносабат: Айиқ, жайрон, оққуш ва одамлар

«Қизил китоб»га қора муносабат: Айиқ, жайрон, оққуш ва одамлар

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали «Қизил китоб»га киритилган айиқ, жайрон каби ҳайвонларнинг ва оққуш, турна каби қушларнинг аёвсиз ўлдирилаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез гувоҳ бўляпмиз.

Масалан, Қашқадарёда ўлдирилган икки айиқ ҳам ноёб қўнғир айиқ турига мансуб. Бу айиқни овлаш тақиқланган ва муҳофаза остига олинган. Олдинги ўлдирилган ҳайвонлар учун жазо берилмагани боис, руҳланган бошқа овчилар ваҳшийликни давом эттиргани сир эмас.

Ижтимоий тармоқлардаги бундай мавзуларга кўпчилик «ҳайвон одамдан азизми», «қутурган бўлса-чи», «ташланган бўлса индамай қараб туриш керакми», деб изоҳ қолдиришади. Яъни, ҳайвонни ўлдирганларни оқлашади. Наҳотки, айиқни киноларда, ҳужжатли филмларда кўрсатилганидек бақириб-чақириб қўрқитиш усулларидан фойдаланишнинг имкони бўлмаса?

Қўнғир айиқ заиф, табиатда камёб, мозаик тарқалган кенжа тур. Ғарбий Тяншан, Ғарбий Помир Олой тоғларида истиқомат қилади. 1970 йилларда 220таси ҳисобга олинган, ҳозирда сони 150тадан кам.  Кўплари Ҳисор, Чотқол, Зомин қўриқхоналарида сақланади. Икки йилда бир марта болалайди ва 30 йилгача яшайди. Асосан браконерлар томонидан овланиши оқибатида сони кескин камайиб кетмоқда. Қўнғир айиқни овлаш тақиқланган. Тоғ қўриқхоналари ва миллий боғларда муҳофаза остига олинган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 14-иловаси «Ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибининг бузилиши сабабли етказилган зарар ҳажмини ҳисоблаш учун тўловлар» миқдори бўйича ёши, катталиги, оғирлиги ва жинсидан қатъи назар ҳар бир ҳайвон (калласи, териси, шохи ва бошқалар) учун жисмоний ва юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан 100 коэффициент миқдорида зарар ҳисобланиши белгиланган. Аммо қонунни бузганларга мана шундай жазо тури қўлланиляптими?

Айиқ йиртқичлиги учун одамлар ўзини ҳимоя қиларкан (ўлдириш орқали ҳимоя қилишни оқлаб бўлмайди) нега жайронлар оммавий овланмоқда. Бундай мавзуларга ҳам одамларнинг фикрлашини эшитиб ёки ўқиб ёқангни ушлайсан. «Гўшт қиммат бўлгандан кейин нима қилишсин», «жайроннинг гўшти ширин бўлади». Наҳот аҳолимизнинг ҳайвонларга муносабати, атроф-муҳитни, табиатни, экологияни асраб-авайлашга тушунчалари шу қадар, фақат қорин қайғуси даражасида саёз бўлса? Гап қирилиб кетаётган ноёб тур ҳақида кетаётганда уни ейиш ёки гўштининг мазалилиги биринчи ўринга чиқса?

Ижтимоий тармоқларда «Қизил китоб»га киритилган оққушни овлаган ва бошқа ўлжаларини кўз-кўз қилганча ўзини «қаҳрамон» кўрсатиб, саҳифасига жойлаштиришларига нима дейсиз? Бу тенги ёшлар жамиятга, она табиатга фойдаси тегиши учун турли лойиҳаларни яратаётган бир пайтда ёшгина йигитнинг бешафқатлигини, масъулиятсизлигини қандай баҳолаш мумкин? 

Бундан сал олдин Инстаграмда андижонлик «қаҳрамон» «Қизил китоб»га киритилган стерх-оқ турнани отиб, ўлжасини саҳифасида кўз-кўз қилган эди. Аммо у жазосиз қолди, оқибатда айнан ноёб ҳисобланадиган жониворларни овлайдиган овчилар, ҳаваскорлар кўпаймоқда.  Балки улар овлаётган ўлжа ноёб турнинг энг сўнгисидир.

Телевидение орқали хориждаги ўрмон ёнғинида каола ҳайвонларининг ёниб кетаётгани ва ёнғин ўчирувчилар ўзларининг ҳаётларини хавф остига қўйиб каолани қутқаришаётганини кўрсатишди. Дунёнинг қай ерларида одамлар ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини сақлаб қолиш учун кечаю кундуз илмий иш қилишмоқда. Турли йўлларини қидиришмоқда. Аммо юртимизда борган сари ҳайвон ва паррандаларни овлашга ишқибозлар кўпайиб кетмоқда. Энг аянчлиси, бу ишни қилганлар ёвузлигини қаҳрамонлик даражасига кўтариб мақтанаётгани, суртага тушиб тарқатаётгани. Ахир буни кўриб улғаяётган болалар келажакда мана шундай ишларни такрорламайди, деб ким айта олади.

Балки мактаблардаги табиатшунослик дарсларида қизил китобга бағишланган соатларни кўпайтириш керакдир. «Қизил китоб» фанини киритиш лозимдир.

Сурхондарёда буғу ушланди

Яқинда Сурхондарё вилоятининг қайсидир қишлоғидан бир инсоннинг буғуни ушлаб олгани ва табиат жонкуярларига хабар берилгани айтилди.

Буғуни уйида боғлаб турган ҳамюртимизнинг ишини ҳар ҳолда ваҳшийлик қилаётганлар олдида қаҳрамонлик деб атасак бўлади. Мана шундай яхши инсонларни, ўрнак бўладиган воқеаларни одамларга кўпроқ кўрсатиш шарт.

Буғу айни пайтда ҳайвонот боғига жойлаштирилган. Унинг соғлиғини текшириб туриш учун ветеринар жалб қилинган. Демак, яна бир ноёб жонивор яхши одамлар томонидан қутқариб қолинди. Биз эса ана шундай яхши хабарларнинг, атроф-муҳитнинг, табиатнинг жонкуярлари кўпайишини жуда-жуда истаб қоламиз. Табиатни аслидай асранг одамлар...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг