«Дўст ҳузурига сафар» ёҳуд Туркиядаги «Шаби арус» кечаси қандай байрам саналади?
Она томонидан Хоразмшоҳлар авлодига мансуб бўлган мавлоно Жалолиддин Румий, маълумотларга кўра, 1207 йилда Балх шаҳрида таваллуд топган. Тарихчиларнинг айтишича, ул зот буюк саркарда Жалолидин Мангубердининг жияни бўлгани боис, ота-онаси кичик шаҳзодага ҳавас қилиб, ўғилларига унинг исмини беришган. Румий ва Мангуберди орасидаги фарқ 7-8 йилни ташкил қилган. Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад ўз замонасининг етук донишманди, фиқҳ ва тасаввуфнинг зукко намояндаларидан эди.
Ўша пайтда юртда ҳукм сурган сиёсий беқарорлик, шунингдек Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар таъқиби бу оилани муҳожирликка ундади. Баҳоуддин Валад ўз оиласини олиб, ҳаж зиёрати баҳонасида Румга кўчиб кетишади.
Йўлда уларга буюк мутафаккир Фаридуддин Аттор дуч келади. Бу пайтда Жаҳлолиддин ўн-ўн икки ёшлар чамасидаги ўсмир эди. Улуғ мутафаккир ёш Жалолиддинни кўриши билан унинг буюк инсон бўлиб етишишини каромат қилган ва унга оқ фотиҳа берган экан.
1220 йилда Румий ўз оиласи билан Кичик Осиёдаги Коня шаҳрига келади. Аввал шу ерда, кейин Ҳалаб, Дамашқ ва Бағдоддаги мадрасаларда таҳсил олади ва талабаларга сабоқ беради. Румийнинг камолот чўққисини забт этишида ўз замонасининг буюк алломаларидан бири шайх Шамс Табризий билан учрашуви жуда катта аҳамият касб этади. Бу тарихий воқеа милодий 1244 йилнинг кеч куз ойларида Коня шаҳрида юз беради.
Ҳазрат Навоий «Насоиймул-муҳаббат» асарида Румий ва Табризий учрашувини қуйидаги ривоят билан боғлайди: Мавлоно Румий Коняда бир ҳовуз бўйида кўп китобларни мутолаа қилиб ўтирганида, Шамс Табризий бир дарвеш қиёфасида унинг ёнига келади ва «бу қандай китоблар?» деб сўрайди. Шунда мавлоно «бу қийлу қолдир, бу билан сенинг нима ишинг бор» дея танбеҳ беради. Шунда Шамс Табризий бу китобларни ҳовузга ташлайди. Румий ғазаб ила қўзғолиб, «нима қилиб қўйдинг, бу китобларнинг кўпчилиги отамдан менга ёдгор бўлиб қолган эди, энди уларни қандай топаман» дея фарёд солади. Шунда Шамс Табризий ҳамма китобларни қуп-қуруқ ҳолатда сувдан чиқариб беради. Румий ҳайратланиб, «бу не синоатдур» дея сўрайди. Шунда Шамс Табризий «Буни завқи ҳол дерлар, бу билан сенинг не ишинг бор» дея жавоб қайтаради. Шундан сўнг бу икки буюк зот ўртасида унсият юзага келади.
Чиндан ҳам Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий ўртасидаги самимий дўстлик, устоз ва шогирдлик муносабатилари улуғ мутафаккир ҳаёти ва ижодида катта бурилиш ясади. У Табризийдан тасаввуф, диний ва дунёвий илмларни пухта ўрганди. Маънавий жиҳатдан юксак камолот чўққисини забт эта олди. Румий ўз устозига шу қадар ихлос қўйган эдики, ҳатто ўз ғазалларида ҳам унинг тахаллусини қўллай бошлайди. Шу боис Румийнинг шеърий тўплами «Девони Шамс Табризий» номи билан шуҳрат қозонган.
Конядаги Мавлоно турбаси яқинидаги бир мақбарани ҳам Шамс Табризийга нисбат беришади.
Мавлон Румий мақбараси эртаю кеч дунёнинг турли бурчакларидан келган зиёратчилар билан гавжум. Мазкур ёдгорлик мажмуаси Мавлононинг ҳаётлик чоғида макон тутган хонақоҳлари, музей, масжид ва мақбарани ўз ичига олади. Мақбарага кираверишда бу маскан хусусидаги бир байт дарж этилган:
Ишқ элининг каъбасидур бу мақом,
Бунда ҳар дард чорасин топгай тамом.
Мажмуани кезаркансиз, ҳар қадамда бир ҳикмат мағзини чаққандек бўлаверасиз. Музей экспонатлари орасида Мавлоно Румийга тегишли бўлган шахсий ашлар, қўлёзмалар, кийим-кечакларни ҳам учратиш мумкин. Бу даргоҳни ихлос билан зиёрат қилар экансиз, шу атрода баайни буюк мутафаккирнинг пок, уйғоқ руҳи кезиб юргандек туюлади.
Ривоят қилишларича, Мавлоо Румий вафот этаётган чоғларида ул зотнинг шогирдлари, мухлислари қайғуга тушишади. Шунда Мавлоно «нега сизлар хафа бўляпсизлар? Ахир дўст ҳузурига кетяпман-ку? Бу аза эмас, балки тўйдир, чунки, мен дўст васлига етишиш учун кетяпман-ку?» деган эканлар. Шу сўзларни айтиб, улуғ мутафаккир улуғвор табассум ила жон таслим қилган эканлар.
Бу воқеа милодий 1273 йил 17 декабрда юз берган эди. Мана, орадан салкам етти ярим аср ўтибдики, Мавлоно Румийнинг издошлари бу кунни Дўст ҳузурига сафар тантанаси сифатида нишонлайдилар. Мавлавия тариқатида бу маросим «Шаби арус» деб номланади. Бу сўз таржима қилинганда, «тўй оқшоми», «висол кечаси» каби маъноларни англатади.
Коня шаҳрида ушбу тадбир ҳар йили алоҳида тараддуд ва кўтаринкилик билан бошланади. Дунёнинг турли ҳудудларидан Мавлоно Румийнинг ихлосмандлари Мавлавия тариқати вакиллари, олим ва мутахассислар, санъат ва маданият намояндалари тўпланадилар. Румий ҳаёти ва ижодининг инсоният тараққиётидаги ўрнига бағишланган анжуманлар ўтказилади.
«Шаби арус»нинг ўзига хос тадбирларидан бири мавлавий дарвишларнинг «Само» рақсига тушиб, гир айланиб муқобалага киришишидир. Бу рақс ҳатто ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига ҳам киритилган.
Жорий йилда бутун дунёда коронавирус пандемияси ҳукм сураётганига қарамай, Туркия ҳукумати бу тадбирни карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда, муносиб тарзда нишонлашни мақсад қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter