Акром Малик озодликка чиқарилди
Бугун, 27 август санасида навоийшунос олим, шоир ва ёзувчи Акром Малик озодликка чиқди. Бу ҳақида унинг ижод намуналарини бериб борувчи «Акром Малик қайдлари» телеграм-канали маълум қилди.
Акром Малик 2016 йилнинг июль ойида МХХ томонидан қамоққа олинган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси («Конституцион тузумга тажовуз») ҳамда 244-моддаси («Жамоат хавфсизлигига таҳдид») билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Унинг мухолифатдаги Муҳаммад Солиҳ билан ҳамкорлиги ва Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида ёзган сиёсий-танқидий мақолалари жиноят сифатида баҳоланган.
Акром Малик қамоқда ҳам илмий ва бадиий ижодни давом эттирган. Унинг қаламига мансуб «Жангчи», «Ҳалқа» қиссалари, «Қалбнинг ичидаги нур» рисоласи ва бир неча шеърлари ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликка етиб борган.
Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ маҳкумлар қаторида Акром Малик ҳам афв этилди.
Роппа-роса бир йил аввал Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги 48-манзил-муассасада жазо муддатини ўтаётган Акром Малик мазкур муассасада сақланаётган маҳкумлар номидан Президент Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter