Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижон мутасаддилари бир неча йиллик муаммони қачон ҳал қилади?

Андижон мутасаддилари бир неча йиллик муаммони қачон ҳал қилади?

Избоскан деҳқон бозори

Фото: «Xabar.uz»

Айтайлик, сиз ҳамма нарсани бирдан харид қилиш учун бозорга борасиз. Масалан, аввал кийим-кечак ва бошқа буюмларни оласизу, кейин ёнбошдаги деҳқон бозорида савдо қилишга тушасиз. Яхши-да, аввал бу бозорга тушиб, кейин бир неча километр юриб, бошқасига бормайсиз.

Андижон вилояти Избоскан тумани аҳолиси эса мана шу муаммодан азият чекмоқда. Бунинг устига, бозорга олиб борадиган йўллар талабга жавоб бермайди.

Тумандаги буюм бозори
Фото: «Xabar.uz»
Тумандаги буюм бозори
Фото: «Xabar.uz»

Туман маркази Пойтуғ шаҳрида иккита бозор бор: бири буюм бозори, иккинчиси деҳқон бозори. Қизиғи, иккаласи иккита жойда жойлашган, орасидаги масофа бир неча километрни ташкил этади. Ундан-да қизиғи, деҳқон бозори 4 йил олдин чиройли қилиб янгитдан қурилган. Туман марказида аҳоли келадиган бозор битта бўлиши инобатга олинган.

Деҳқон бозорига олиб чиқадиган кўча
Фото: «Xabar.uz»
Бозор рўпарасидаги темир йўл
Фото: «Xabar.uz»
Пиёдалар ўтиши учун йўл белгисига ҳайдовчилар бўйсунмаяпти, светофор қўйиш керак.
Фото: «Xabar.uz»

Мазкур ҳудуддан таҳририятимизга мурожаатлар келиб тушган. Одамлар икки бозор орасида сарсон бўлаётгани, темир йўл, автомобиль йўлидан ўтишда қийналаётганлиги, янги бозор олдидаги машина йўлига пиёдалар учун светофор қўйилмагани бўйича шикоят қилишган. Ушбу ҳолатни ўрганиш учун Избосканга йўл олдик.

Бозор олдидаги автотураргоҳ
Фото: «Xabar.uz»
Режага кўра, автотураргоҳ бундай кўринишда бўлиши керак.
Фото: «Xabar.uz»

Избоскан туман ҳокимлигидан ҳокимни тополмадик, унинг биринчи ўринбосари бизни қабул қилди. Масалани айтдик. Биринчи ўринбосар Элёр Каримовнинг қайд этишича, мазкур муаммо юзасидан бошқа ОАВ ҳам бир неча бор суриштирув ўтказган. Демак, бир неча йиллардан бери бозор масаласи тайинли ечим топмаяпти ёки кимдир тайинли шуғулланмаяпти. Элёр Каримов бизни янги қурилган «Избоскан деҳқон бозори» МЧЖ раҳбари Улуғбек Ҳусанов билан учраштирди.

Янги қурилган деҳқон бозори
Фото: «Xabar.uz»
Янги қурилган бозордаги расталар
Фото: «Xabar.uz»
Янги қурилган деҳқон бозори
Фото: «Xabar.uz»
Янги қурилган деҳқон бозори
Фото: «Xabar.uz»

Деҳқон бозори раҳбари буюм бозоридагилар янги жойга кўчиб ўтиши юзасидан бир неча марта огоҳлантирилганини айтди. Лекин улар иссиқ ўрнини бўшатишни истамаяптими ёки бошқа сабаблари борми, бунга ҳатто ҳокимлик ҳам жиддий киришмаган. Бозор қурилган пайтда Избоскан туманида бир неча бор ҳоким алмашган. Шу қисқа вақт ичида ушбу ҳокимлар бозор муаммоси билан қизиқмаган. Мана, бу мазву яна кун тартибига чиқди.

— Буюм бозоридаги тадбиркорларга ёмонлигимиз йўқ. Агар улар янги ерга кўчиб ўтишни истамаса, фаолият тури бўйича савдо қилишсин, ишини давом эттирсин. Шунда барчаси қонуний бўлади. Дўконлар олдидаги ноқонуний қурилмаларни олиб ташлашсин. Бўлмаса, мана, янги бозорга кўчиб ўтишсин. У ерда ҳамма шароит бор. Бошланишига ижара пули ҳам олмаймиз, ҳар қандай тўловлардан озод қиламиз, — деди бозор раҳбари Улуғбек Ҳусанов.

Буюм бозори кўчиб ўтиши керак бўлган ҳудуд ҳувиллаб ётибди.
Фото: «Xabar.uz»
Буюм бозори кўчиб ўтиши керак бўлган ҳудуд ҳувиллаб ётибди.
Фото: «Xabar.uz»
Буюм бозори кўчиб ўтиши керак бўлган ҳудуд ҳувиллаб ётибди.
Фото: «Xabar.uz»

Биз Улуғбек Ҳусанов билан Избоскан деҳқон бозорига бордик. Кираверишдаги автомобиль тўхташ жойлари бетартиблиги кўнгилни бироз хира қилган бўлса-да, бозор ичкариси жуда озода, тартибли, расталар тоза экан. Савдо қилишда муаммо йўқ: нақд пул ва пластик карталарга ҳам савдо бор.

Деҳқон бозорининг орқа томонида эса бўм-бўш ётган дўконлар. Бу дўконлар буюм бозори учун мўлжаллаб қурилган бўлиб, бир неча йиллардан бери ҳувиллаб ётибди. Қаровсиз қолган мазкур ҳудуд учун ким жавоб беради? Энг қизиғи, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари бир неча йиллик бу муаммога нима учун эътибор бермаяпти?

Избоскан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Элёр Каримов 10 кун ичида мазкур масалани ҳал қилишга ваъда берди. Воқеалар ривожини биз билан кузатиб боринг.

Бобур Жалолов,
«Xabar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг