Андижондаги бахтсиз ҳодисада 4 нафар техник ходим вафот этди
Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Марказий поликлиника ҳудудида содир бўлган бахтсиз ҳодиса бўйича расмий маълумот берилди.
Хабар қилинишича, жорий йил 10 июн куни Марҳамат туман тиббиёт бирлашмасига қарашли муассаса ҳудудида хизмат вазифаларини бажариш жараёнида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида тиббиёт бирлашмаси техник ходимлари — И. Нишонов, М. Матхолиқов, Қ. Мамажонов ҳамда Л. Қосимов вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур фуқаролар поликлиника ҳудудидаги ҳожатхона қудуғини тозаламоқчи бўлишган. Улар ўша ерда йиғилган заҳарли газдан заҳарланиб ҳушини йўқотгани ва вафот этгани тахмин қилинмоқда.
«Мазкур ҳолат эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган. Ҳодиса юзасидан барча ҳолатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганилмоқда.
Айни вақтда Марҳамат тумани Ички ишлар бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда», – дейилади расмий муносабатда.
Айни пайтда ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, унга сабаб бўлган омиллар юзасидан батафсил ўрганиш ишлари олиб бориляпти.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter