Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ Россияга янги айблов қўйди

АҚШ Россияга янги айблов қўйди

АҚШ Россияни Украинада тақиқланган кимёвий қурол ишлатишда айблади.

Давлат департаменти сайтида тарқатилган расмий баёнотга кўра, Россия қўшини Украина қуролли кучлари аскарларига қарши хлорпикрин деб аталган заҳарли моддани қўллаган.

«Бу каби кимёвий воситаларни истифода этиш ҳолати ягона деб бўлмайди. Буни Россия кучларининг Украина қўшини мустаҳкам позицияларини ёриб ўтиш ва жанг майдонида тактик ютуқларга эришиш мақсади билан изоҳлаш мумкин», – дейилади баёнотда.

Давлат департаментига кўра, Россия маъмурияти мамлакат ичида рўй берган оммавий норозилик намойишларини бостиришда ҳам хлорпикрин воситасидан фойдаланган.

Хлорпикрин Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича Ҳаага ташкилоти қора рўйхатига киритилган кимёвий восита бўлиб, у терини куйдириш, катта ҳажмда қўлланганда эса мушакларни фалажлаш хусусиятига эга. Ушбу заҳарли восита илк бор Биринчи жаҳон уруши даврида немис қўшини томонидан қўлланган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ томони айбловини қуруқ туҳмат деб атаган.

«Ҳар доимгидек, бундай айбловлар учун бирор далил келтирилмаган, қуруқ гап-сўз, холос. Россия мазкур йўналишдаги халқаро ҳуқуққа доир мажбуриятларини бажаришга содиқ қолади», – деган Кремль воизи.

Украина томони Россия жанг майдонида кўздан ёш оқизувчи CS («Сирень» деган ном билан машҳур) газини ҳам қўллашини айтиб келади. Расмий Киев маълумотига кўра, камида 500 нафар украин аскари заҳарли моддалар қўлланиши асоратларини бартараф этиш учун муолажа олган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ тақиқланган кимёвий қурол қўллангани важидан Россияга қарши янги санкциялар жорий этди. Янги чеклов Россиянинг радиациявий, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинларига, шунингдек, Мудофаа вазирлигининг илмий-тадқиқот институтларига татбиқ этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг