АҚШда мудофаа вазирига импичмент ташаббуси илгари суриляпти – Axios
АҚШ Конгрессида демократлар мудофаа вазири Пэт Хегсетга нисбатан импичмент эълон қилиш ташаббуси билан чиқди. Тегишли резолюция яқин кунларда тақдим этилиши кутилмоқда.
Ҳужжатга кўра, Хегсетга нисбатан жами 6 та айб илгари сурилган. Улар орасида ваколатни суиистеъмол қилиш, халқаро уруш қоидаларини бузиш, махфий маълумотлар билан эҳтиётсиз муносабат ва Конгресс назоратига тўсқинлик қилиш каби жиддий ҳолатлар бор.
Айбловларнинг асосий қисми АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари билан боғлиқ. Демократлар вазирни Конгресс розилигисиз зарбалар берганликда, шунингдек тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига сабаб бўлган қарорларни маъқуллаганликда айбламоқда.
Шунингдек, у махфий ҳарбий маълумотлар билан боғлиқ можаро — «Signalgate» иши*да ҳам жиддий хато қилганликда гумон қилинмоқда. Унда юқори лавозимли амалдорлар иштирок этган ёпиқ чатга журналист тасодифан қўшиб қўйилгани айтилган.
Яна бир айбловга кўра, Хегсет Конгрессга ҳарбий операциялар ҳақида тўлиқ маълумот бермаган ва айрим ҳолатларни яширган.
Бундан ташқари, демократлар уни армияни сиёсий мақсадларда қўллашда ва Қуролли кучлар бетарафлигига путур етказишда айбламоқда.
Ҳужжат Конгрессда муҳокама қилиниши кутиляпти, аммо мутахассислар фикрича, ҳозирги сиёсий вазиятда импичмент қабул қилиниши эҳтимоли жуда паст.
Пентагон эса бу айбловларни қатъий рад этди. Пентагон вакиллари мазкур ташаббусни «сиёсий шоу» ва жамоатчилик эътиборини бошқа масалалардан чалғитишга уриниш деб баҳоламоқда.
__________________________
*«Signalgate» иши бу – 2025 йилда чиққан можаро бўлиб, унда юқори лавозимли америкалик амалдорларнинг махфий ҳарбий масалалар муҳокамаси чатига тасодифан журналист қўшиб юборилган. Чатда ҳарбий операциялар ҳақида гаплар бўлган ва журналистнинг чатга қўшиб қўйилиши хавфсизлик қоидалари бузилиши дея баҳоланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter