Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ариқдан қон оқаётганга ўхшарди»: Бухородаги Абдуллахон зовурида вазият қандай ўзгарди? (фото)

«Ариқдан қон оқаётганга ўхшарди»: Бухородаги Абдуллахон зовурида вазият қандай ўзгарди? (фото)

Фото: Xabar.uz

Шофиркон тумани аҳолисини қийнаб келаётган долзарб муаммо Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов аралашуви билан ҳал этилди.

«Вилоятнинг Шофиркон ҳамда Ғиждувон туманлари чегарасини кесиб ўтувчи Абдуллахон зовуридан оқиб ўтган қизил рангли сув аҳоли норозилигига сабаб бўлиб келаётган эди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун барча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Муҳим амаллар қўлланилди. 1,5 гектарлик ер майдонида янгидан оқава сувларни тозалаш иншоотини барпо этиш учун босқичма-босқич барча ишлар бажарилди. Ва ниҳоят, шофирконликларни хурсанд қиладиган ижобий натижага эришилди. Ушбу муаммони бартараф этишда журналистларнинг ҳам эътибор ва ҳиссаси бор. Мана шундай катта ва долзарб аҳамиятга эга муаммоларни олиб чиқиб, унинг ечими учун ҳаракат қилган журналистлар билан доим ёнма-ёнман ва уларни доимо қўллаб-қувватлайман»,— деди вилоят раҳбари «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда.

Ҳолатга кўра, Шофиркон туманидаги «Шибирғон», «Султонобод», «Дўрмон» ҳамда Ғиждувон туманидаги «Гулистон», «Кўлижаббор» маҳаллаларини кесиб ўтувчи Абдуллахон зовуридан қизил рангли сув оқаётгани одамларни ташвишга солиб келган. Бу ҳолат бир қарашда кишини сескантириб юборар эди. Бадбўй ҳид етмагандай, зовурдан гуёки қон оқаётгандай дилни хира қиларди.Одамлар мол-ҳолларини, томорқа ерларни суғоришда айнан шу сувдан фойдаланиб келишган. Мурожаатлари натижасиз қолган. Ҳатто, одамлар Абдуллахон зовуридан сув ўрнида қон оқяпти, деган шубҳага ҳам боришган.

Бироқ, журналистлар олиб борган суриштирувлар натижасида Абдуллахон зовуридан оқиб ўтаётган қизил рангли сув  Ғиждувон туманидаги «Parvoz Humo Ravnaq» ип-йигирув фабрикасидан оқизиб юборилаётган чиқинди сувлар экани аниқ бўлган.

Шофиркон туманининг 11 та, Ғиждувон туманининг 4 та қишлоғи аҳолисининг оғриқли ташвишига айланиб қолган, ҳатто, қорамолларни ва экин ерларини суғоришга яроқсиз қизил рангли сув муаммосини бартараф этиш учун депутатлар, туман Халқ қабулхонаси масъуллари ҳам сайъ-ҳаракат қилишган. Бироқ, натижа бўлмаган.

Суриштирувларга кўра, шу вақт давомида ҳудуддаги пахтазор, буғдойзор ва одамларнинг томорқа ерлари ҳам шу сувдан суғориб келинган. Қишлоқлараро оқиб ўтадиган анҳорларда тўхтаб қоладиган қизил рангли бу сувлар аста-секин атрофга қўланса ҳид ҳам тарқатиб келган. Экинлар қуриб, қора моллар касалланган. Болалар ҳам иссиқ кунларда шу кўлмак сувларда чўмилишган.

Аниқланишича, ҳудуддан 1,5 километрча узоқ масофада жойлашган Ғиждувон туманидаги «Parvoz Humo Ravnaq» ип-йигирув фабрикасида кимёвий моддалар билан ювиладиган рангли матолардан чиққан сув канализация орқали зовурга йўналтирилган бўлган. Иншоотда йиғилган сувлар етарлича тозаланмай, тўғридан-тўғри зовурга оқизиб келинган.

2022 йилнинг июль ойида ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув давомида журналист вилоят ҳокими билан кўришган. Ва мазкур масалани бартараф этиш ишларида шахсан вилоят раҳбарининг ўзи аралашган. Ботир Зарипов зовур суви аввалги ҳолатига қайтишини билдирган.

1,5 гектарли ер майдонида оқова сувларни қабул қилиш иншоотини барпо этиш ва ишга тушириш саъй-ҳаракати аслида, 2021 йилда бошланган ва ускуналар Украинага буюртма қилинган бўлган. Бироқ, Украинадаги аҳвол сабабли иш ортга сурилишига тўғри келган. Ва буюртмалар учун Туркия билан шартнома имзоланган.

Журналистик суриштирув Ғиждувон ип-йигирув фабрикасида ҳам давом этган.

Вилоят раҳбари вазиятни кузатиб, масъулларга ҳар қандай ҳолатда ҳам ип-йигирув фабрикаси фаолиятини вақтинча бўлса ҳам тўхтатиб қўймаслик орқали оқова сувларни зарарсизлантирадиган ва уларни фильтрлайдиган иншоотларни тўлиқ таъмирлаш, чўкиндилардан тозалаш ишларини зудлик билан амалга ошириш, ҳар икки томон учун ҳам ечим бўладиган чораларни қўллаш зарурлиги топшириғини берган. Бу билан вилоят раҳбари қийин вазиятга қарамай, икки-уч минглаб ишчиларнинг ишсиз, маошсиз қолиб кетмаслиги чораларини кўрган.

Шундан сўнг бир неча кун ичида Ғиждувон ҳамда Шофиркон туманлари кесишмасидаги Абдуллахон зовурини тозалаш, сизот сувлар чўкиндисидан ҳосил бўлган лой ва балчиқларни чиқариб ташлаш ишлари бажарилган.

«Бухоро сув таъминоти» МЧЖ раҳбари Шоҳрухали Садиллоевнинг сўзига кўра, хориждан буюртма асосидаги ускуналар етиб келгунича, бир неча ой давомида ҳолат барқарорлаштириб турилган. Аҳолига зарарсиз суғорув сувларини етказиб бериш учун лозим бўлган барча амаллар бажарилган. 1,5 гектарли ер майдони деворлар билан ўралиб, хавфсизлик чоралари кўрилган.

Вилоят ҳокимининг сўзига кўра, «Бухорогазсаноатқурилиш» АЖ махсус монтаж  ва механизация унитар корхонаси томонидан  «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида оқова сув тармоғи ва оқова сувларни тозалаш иншоотларида умумий қиймати 37 миллиард сўм бўлган объектда лойиҳага кўра, 3,8 км оқова сув тармоғи ва 1 дона оқова сув тозалаш иншоотини қуриш режалаштирилган бўлиб, айни вақтга қадар 3,8 км оқова сув тармоғи ётқизилган. Умумий майдони 1,5 гектарни ташкил этувчи иншоотда оқова сувларни биологик тозалашга мўлжалланган қурилма, оқова сувларни ҳайдашга мўлжалланган насослар, тозаланган маиший оқова сувларни ультрабинафша нурлари билан зарарсизлантиришга мўлжалланган қурилма ҳамда техник ҳаво билан таъминлашга мўлжалланган компрессорлар ўрнатилмоқда.

«Энди Шофиркон аҳолиси сув масаласида ҳеч қандай оғриқли муаммога дуч келишмайди. Ушбу масалани бартараф этиш учун олиб борилаётган ишлар жараёнида вазиятни ва шарт-шароитларни тўғри тушуниб, 8 ой давомида сабр ва қаноат билан бизни қўллаб-қувватлаган аҳолига, шундай долзарб муаммони олиб чиқиб, унинг ечими учун жон куйдирган журналистларга миннатдорлик билдираман»,— деди Ботир Зарипов.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг