Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Биз икки мега тенденцияга дуч келмоқдамиз» – Жозеп Боррель Самарқандда муҳокама этиладиган масалаларга ойдинлик киритди

«Биз икки мега тенденцияга дуч келмоқдамиз» – Жозеп Боррель Самарқандда муҳокама этиладиган масалаларга ойдинлик киритди

Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқи Марказий Осиёда биринчи рақамли донор бўлиб қолмоқда. Жумладан, 2014-2020 йилларда минтақа учун 1,1 миллиард евролик ёрдам кўрсатилган. Бу ҳақда Европа комиссияси вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг Самарқандда ўтадиган нуфузли тадбир олдидан ёзган мақоласида сўз боради.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик конференцияси: Глобал дарвоза» деб номланган йирик анжуман бўлиб ўтади. Тадбирда Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррелнинг ҳам иштироки кутилмоқда.

«Асрлар давомида Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар жамиятларимизни шакллантиришда жуда муҳим роль ўйнади. Бу қадимги даврда Буюк Ипак йўли бўйлаб Европа ва Осиё цивилизацияларини боғловчи, ресурслар, маданият ва ўзаро таълимни тарқатувчи савдо-сотиқ гуллаб-яшнашидан анча олдин бўлган. Лекин алоқалар доимий эътиборни талаб қилади ва охирги пайтларда минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга эътибор бермай қўйган бўлишимиз мумкин. ЕИ Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан биргаликда буни тузатишга қарор қилди», – дейди Жозеп Боррель.

Дипломат жорий йил 28 октябрь куни Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга ташриф буюрганини бу борадаги муҳим қадам эканини урғулаган.

«Биз геосиёсий муаммолар кучайиб бораётган ва куч сиёсати ўсган даврда яшаяпмиз. Шунингдек, биз иккита мега тенденцияга дуч келамиз: иқлим ўзгариши ҳамда иқтисодиётларимиз ва жамиятларимизни рақамлаштириш. Шунинг учун яшил иқтисодиёт томон ўтишни тезлаштириш ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш ЕИнинг сиёсат кун тартиби, ташқи сиёсатимизнинг марказидир. ЕИ «Глобал дарвоза» билан глобал даражада яшил ва рақамли ўтишни тарғиб қилмоқда. Биз қилаётган барча саъй-ҳаракатлар ҳамкор мамлакатлар эҳтиёжларини қондириш ва маҳаллий ҳамжамиятларга имтиёзлар беришга асосланган», – дейилади мақолада.

Қайд этилишича, Европа Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан бир хил муаммоларга дуч келмоқда: пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш, энергетика ва иқлим инқирозини ҳал қилиш, Россиянинг Украинага босқини натижасида юзага келган беқарорликларни бартараф этиш. Айни чоқда, бу муаммолар янада барқарор ва ўзаро боғлиқ глобал иқтисодиётга сармоя киритиш имконияти ҳамдир.

«Самарқандда биз учта мавзуни кўриб чиқамиз: рақамли алоқа, транспорт алоқаси ва энергия алоқаси. Ҳар учала йўналишда биз инвестиция имкониятларини аниқлаб, яқинроқ алоқаларни ўрнатиш учун катализатор бўлиши мумкин бўлган ислоҳотларни таъкидлаб, яқинроқ ҳамкорлик қилиш йўлларини излаймиз. Биз сиёсатчилар ва техник экспертларни, халқаро молия институтларини, энг муҳими, бизнес ҳамжамият аъзоларини ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирамиз. Одамлар ўртасида робита ўрнатиш орқали биз минтақалар ўртасидаги алоқаларни йўлга қўямиз», – дейди ЕИ бош дипломати.

Рақамли соҳада хавфсиз платформалар яратиш, жуғрофий тўсиқларни енгиш, давлат хизматларини кўрсатишни яхшилаш ҳамда таълим, иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш имкониятлари қидирилади. Шунингдек, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги барқарор транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва яшил ўсишни кучайтириш йўллари кўриб чиқилади.

Кейинги пайтларда иқлим ўзгариши ва сув танқислигининг оқибатлари тобора жиддий тус олмоқда. Шунга кўра анжуманда яшил энергияга бўлган талабни қондириш учун паст углеродли энергия ишлаб чиқариш имкониятларини яхшилаш имкониятлари тадқиқ этилади. Зотан, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқаришини сув ва чиқиндиларни бошқаришни яхшилаш йўллари билан оширишдан умумий манфаатдорлик мавжуд.

«Бизнинг Европа ва Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги тасаввуримиз ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси фонида ўрнатилган. Биз Марказий Осиёнинг бешта давлати билан янада кучлироқ, кенгроқ ва замонавийроқ ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлида давом этмоқдамиз. Бизнинг сиёсий мажбуриятимиз эса аниқ ёрдам билан мустаҳкамланган», – дейди Ж.Боррель.

Маълум қилинишича,  ЕИ институтлари ва ЕИга аъзо давлатлар Марказий Осиёда биринчи рақамли донор бўлиб, 2014-2020 йилларда минтақа учун 1,1 миллиард евролик ёрдам кўрсатган. Минтақага 2021-2024 йилларга мўлжалланган тахминий умумий грант миқдори икки томонлама ва ҳудудий дастурларни қўшган ҳолда камида 390 миллион еврони ташкил қилади. Бу «Европа жамоаси» деб аталувчи иккита минтақавий ташаббусни ўз ичига олади: бири рақамли уланиш бўйича, иккинчиси эса ЕИ Самарқандда расман ишга туширадиган сув, энергия ва иқлим бўйича.

«Team Europe» – ЕИ институтлари, аъзо давлатлар ва молия институтлари биргаликда ишлайдиган лойиҳалар учун фойдаланадиган бренддир.

Ж.Боррелга кўра, ЕИнинг ўзаро боғлиқлик ҳақидаги қарашлари инклюзив характерга эга ва Брюссель бу жараёнда бошқа ҳамкорликларни сиқиб чиқармоқчи эмас.

«ЕИда биз «очиқ стратегик автономиямиз»ни қурмоқдамиз. Бу, асосан, халқаро ҳуқуқ, мустаҳкам қоидалар ва халқаро стандартлар асосида қурилган глобал тизим доирасида ўз стратегик танловимизни амалга ошириш эркинлигини қўллаб-қувватлаш, ортиқча қарамликдан қочиш ва муқобил вариантларга эга бўлишдир. Табиийки, биз ҳамкорларимизнинг ҳам ўз автономиялари ва танлаш эркинлигини яратиш истагини тушунамиз», – дейди ЕИ олий вакили.

Таъкидланишича, ЕИ дунёдаги энг йирик сармоядор сифатида Марказий Осиёда дунё билан чамбарчас боғланган янги яшил рақамли иқтисодиётни қуришга ёрдам бермоқчи.

«Самарқанддаги вазифамиз ислоҳотлар ва бизнесни жалб қилиш имкониятларини аниқлаш ва амалга ошириш орқали сармояни рағбатлантиришдан иборат. Марказий Осиё иқтисодиёти жонли равишда ўсиб бормоқда. У улкан салоҳиятга эга. Геосиёсий нотинчлик ва ўзгаришлар дунёсида Европа Иттифоқи ишончли ҳамкор ҳисобланади. Шунинг учун мен Европанинг ушбу муҳим минтақа муваффақиятини таъминлашда ўз ролини ўйнашини интиқлик билан кутаман», – деб хулоса қилади Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг