БМТ қул савдосини «энг оғир жиноят» деб эълон қилди — уч мамлакат қарши
БМТ Бош Ассамблеясида Атлантика океани соҳиллари бўйлаб амалга оширилган қул савдосини «инсониятга қарши қаратилган энг оғир жиноят» деб тан олиш учун овоз берилди.
Ушбу қарорни 123 мамлакат қўллаб-қувватлади, 52 мамлакат — бетараф. Уч мамлакат — АҚШ, Исроил ва Аргентина ушбу резолюцияга қарши овоз берди.
- Ёқлаганлар (123 мамлакат): Россия, Хитой, Украина, Беларус, Сербия ва Африка ҳамда Кариб ҳавзаси давлатларининг аксарияти.
- Қаршилар (3): АҚШ, Исроил ва Аргентина.
- Бетарафлар (52): Ўзбекистон, Буюк Британия, Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси, Австралия, Арманистон, Албания, Афғонистон ва бошқалар.
Резолюциянинг асосий жиҳатлари:
- Африкаликларни қул қилиш кўлами ва тизимлилиги сабабли «энг оғир жиноят» деб белгиланди.
- Ҳужжат қул қилинган инсонларнинг авлодларига товон тўлаш ва тарихий адолатни тиклаш механизмларини яратишга чақиради.
- Олиб чиқиб кетилган санъат асарлари ва архивларни ўз ватанига бепул қайтариш талаб этилади.
АҚШ ва бошқа қарши давлатлар қулчиликни қораласа-да, тарихий воқеалар учун моддий товон тўлаш бўйича ҳуқуқий мажбуриятларни тан олмаслигини билдирган. Британия ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳам ҳуқуқий асослар етарли эмаслиги сабабли овоз беришда бетараф қолган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter