Ўзбекистон делегацияси Венадаги БМТ саммитида биринчи бўлиб чиқиш қилди
Бугун Венада глобал хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни белгиловчи энг йирик платформа — БМТ Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов комиссиясининг 35-сессияси бўлиб ўтди.
Дунёнинг 175 давлатидан 1,5 мингдан зиёд юқори мартабали вакиллар, вазирлар ва халқаро экспертларни жамлаган ушбу анжуман Ўзбекистон дипломатияси ва давлат сиёсати учун янги тарихий босқични бошлаб берди.
Вена саммитида Ўзбекистонга кўрсатилаётган мисли кўрилмаган эҳтиром Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган стратегик ислоҳотлари, инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсати ва фаол халқаро ташаббуслари жаҳон миқёсида тўлиқ тан олинганининг яққол исботидир.
Апрел ойида Ўзбекистон ушбу БМТ Комиссиясига илк бор аъзо бўлган эди. Бугун эса Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси барча давлатлар ичида биринчи бўлиб Миллий маъруза билан чиқиш қилди.
Унда Саида Мирзиёева Ўзбекистонда одил судлов, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик профилактикаси ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан нутқ сўзлади.
«Кибержиноятчилик, коррупция ва оилавий зўравонлик чегара билмайди. Шу сабабли уларга қарши очиқ мулоқот, ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорлик орқали биргаликда курашишимиз зарур», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter