Бухорода шайх Сайфиддин Бохарзий шарафига янги мажмуа қурилиши бошланди (фото)
Бухородаги «Сайфиддин Бохарзий» маҳалласида жойлашган зиёратгоҳ ҳудудида «Ислом тамаддуни намояндалари» хиёбони барпо этилаётгани ҳақида «Мўғулларни ҳайратга солган шайх Сайфиддин Бохарзий тарихи» сарлавҳаси остидаги мақолада аввал хабар берган эдик.
Маълумки, Сайфиддин Абул Маъолий Саъид ибн Мутоҳҳар ибн Саъид ибн Али Қоидий Бохарзий XII асрнинг иккинчи ярмида, яъни 1190 йилда Хуросон вилоятининг Боҳарз (Эроннинг шимолий шарқидаги Найсобур билан Ҳирот ўртасидаги вилоят) мавзеида туғилган. Манбаларда таъкидланишича, Бохарзийнинг насаблари Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқга бориб тақалади. Бохарзий Ҳирот ва Нишопур шаҳарларида ўқиган ва диний-ҳуқуқий таълимни олиб, тез орада сўфий даражасига эришган. Сайфиддин Бохарзий шарафига «Ислом тамаддуни намояндалари» хиёбонининг барпо этилаётгани тарихсевар халқимиз томонидан ҳам катта ҳаяжонлар билан қаршиланган. Ушбу хиёбон замонавий ва қадимий кўринишдаги бетакрор иншоотлар билан янада файзиёб бўлишига мақсад қилинган ва режалар белгиланган. «Family Park» қурилиш компанияси томонидан амалга оширилаётган ушбу масжид архитектурасида Сайфиддин Бохарзий ҳамда Баёнқулихон мақбараларидан андоза олинган бўлиб, масжид икки тарихий иншоот билан уйғун равишда бунёд этилиши йўлга қўйилган эди.
Дастлабки босқичда 2000 нафар намозхонга мўлжалланган масжид биноси ва таҳоратхона қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Бухоро вилояти ҳокими ахборот хизмати гуруҳи раҳбари Олим Жўраевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, мазкур хиёбонда ислом дини намоёндалари Абу Ҳавс Кабир, Абу Бакр Калободий, Мустамлий Бухорий, Ҳазрат Поянда Муҳаммадшоҳ Ахсавий (Файзобод) каби етук алломаларнинг мемориаллари, масжид биноси, таҳоратхона, ҳунармандчилик маркази, меҳмонхона, кутубхона, анжуманлар зали каби объектлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Бухоро вилояти ҳокими мажмуа лойиҳасини кўздан кечирар экан, Ботир Зарипов ушбу манзилда бўлиб, бунда қурилиш ишларининг бориши билан танишди.
- Ушбу хиёбон зиёратчилар учун муҳим ташриф манзилларидан бири бўлади. Шу боис мажмуа мукаммал тарзда бўлиши керак, - деди вилоят раҳбари Сайфиддин Бохарзий мақбараси атрофини ободонлаштириш, хиёбондаги қурилиш ишларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берар экан.
Хиёбоннинг «Bukhara City» замонавий ишбилармонлик ва турар-жойлар маркази яқинида барпо этилаётгани эса унинг сайёҳлар ҳордиқ чиқарадиган, балки, меҳмонларнинг миллий ва диний қадриятларга оид билим ва тушунчаларини бойитадиган гўшага айланишидан далолат беради.
Вилоят раҳбарига мажмуада бўладиган шарт-шароитлар ҳақида ахборот берилди. Амалга ошириладиган қўшимча лойиҳалар тақдимот қилинди.
Мажмуа ҳудудини ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинар экан, ҳовли ва хиёбонга кўпроқ дарахтлар экиш зарурлиги айтилди.
- Бу жой, нафақат, диний ва маърифий, балки, улкан маданий марказ, зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлади. Шунинг учун ҳамма ишлар мукаммал бўлиши керак, - деди Ботир Зарипов.
Маълумот ўрнида: Зиёратгоҳнинг бугунги кунда Фатхобод, деб аталишида ҳам рамзий маъно мужассам. «Фатх» сўзи - босиб олинган, яъни босиб олинган ерларни қайта обод этган Бохарзийга ишорадир. 1976 йилда Бухорода юз берган кучли ер силкиниши оқибатида мақбара гумбази батамом харобага айланган. Истиқлол йилларида мақбара биноси қайта таъмирланиб, асл ҳолига қайтарилган, гумбаз қайта ўрнатилган. Халқ ижодининг нодир асарларидан бўлган мақбарани бухоролик усталар ва Ўзбекистон ёдгорликларни таъмирлаш ва консервациялаш махсус илмий-тадқиқот институти олимлари бузилишдан қутқаришга киришган. Ёдгорликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш лойиҳаси тузилган. Бухоро махсус илмий ишлаб чиқариш устахонаси бу муҳим ишни таъмирловчилар авлодидан бўлган уста Азим Ҳайитов бошлиқ бригадага топширган. Бригада аъзоларидан Камол Отаев, Ҳусайн Нажмиддинов, Умид Ҳабибов ва бошқа қадимги ёдгорликларни таьмирловчилар, бинонинг деворларини мустаҳкамлашган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter