Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳавана синдроми»: сирли хасталикка чалинганлар сони ошмоқда

«Ҳавана синдроми»: сирли хасталикка чалинганлар сони ошмоқда

Сирли хасталик асоратлари илк бор АҚШнинг Ҳаванадаги элчихонасида фаолият юритган 40 нафар ходимда намоён бўлган.

Фото: «AFP»

АҚШнинг Австриядаги элчихонаси ходимларида ҳам «Ҳавана синдроми» деб аталган сирли хасталик аломатлари зоҳир бўлди. Бунинг ортидан Қўшма Штатлар разведка идораси махсус комиссия тузди, деб хабар беради ABC.

Юқори мартабали офицерлар, олимлар ва тиббиёт мутахассисларидан иборат комиссия ходимларнинг саломатлиги билан боғлиқ аномал ҳолатларни тафтиш-тадқиқ этади. Оқ уй матбуот котиби Жен Псакига кўра, махсус комиссия Австриядаги ҳолат бирор хорижий давлат томонидан амалга оширилгани эҳтимолини ҳам текширади. «The New Yorker» сирли хасталикдан Венада фаолият юритган бир неча ўнлаб америкалик дипломатлар азият чекаётганини қайд этган.

Илк бор 2016 йили АҚШнинг Куба пойтахти Ҳавана шаҳридаги элчихонасида фаолият юритган 40 нафар ходимда ноодатий касаллик асоратлари намоён бўлган. Айрим дипломатларнинг қулоғи остида кучли шовқин эшитила бошлаган, айримларининг қон босими кўтарилиб, боши оғриган, яна айримларининг кўриш ва ақлий қобилиятида бузилишлар, уйқусизлик қайд этилган.

2017 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида фаолият юритаётган дипломатларда ҳам айни шундай кўнгилсиз ҳолатлар кузатилган. Хасталик асоратлари узоқ вақт давом этган.

Дипломатларнинг сирли равишда касалланиши юзасидан турли сабаб ва тахминлар айтилган. АҚШ олимлари бир йиллик тадқиқотлардан кейин «бу нурланиш оқибати» деган хулосага келган.

Дипломатлар қасддан уюштирилган ҳужум қурбони бўлганми ёки бу шунчаки тасодифми – бу борада якуний хулоса айтилганича йўқ. Аммо беморларни даволаш жуда қийин кечаётгани аниқ.

NBC телекомпаниясига кўра, АҚШ махсус хизмати акустик ҳужум Москва томонидан уюштирилган деб ҳисоблайди.

Қайд этилишича, Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Россия вакилларининг телефон орқали сўзлашувлари ва ёзишмаларига асосланиб шундай хулосага келган. Шунингдек, АҚШнинг Ҳаванадаги элчихонаси биноси яқинида Россия махсус хизматининг юқори частотали қуролларга алоқадор бўлган ходимлари ҳаракати кузатилган.

2017 йил декабрь ойида МРБнинг юқори мартабали вакили Марк Полимеропулос Москвага ташриф буюрган. Сафар ва учрашувлар асносида жосуслик идораси вакилида ҳам бош айланиши ва қулоқ остида кучли шовқин каби хасталик аломатлари пайдо бўлган. М.Полимеропулос сафарни бекор қилиб ошиғич равишда Қўшма Штатларга қайтган. Кейинроқ хасталик сабаб у ҳатто истеъфо беришга мажбур бўлган. М.Полимеропулос ҳам Россия махсус хизматининг ҳужуми қурбони бўлганини маълум қилган.

Аммо расмий Москва ҳам, расмий Ҳавана ҳам акустик ҳужумга алоқадорлигини рад этган.  

Австрия сирли хасталик қайд этилган сўнгги мамлакат бўлиб турибди. Бунга қадар АҚШнинг Куба, Хитой, Ўзбекистон, Россия каби мамлакатлардаги элчихоналари ходимларида «Ҳавана синдроми» кузатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг