Илм-фан йўлидаги изланишлар бир лаҳза бўлса ҳам сусайгани йўқ
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Польшанинг «Краков технология университети», Туркия давлатининг «Карабук» университетлари ҳамкорлигида «1st International Conference on Energetics, Civil and Agricultural Engineering 2020» халқаро конференция ўтказилмоқда.
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзовнинг қайд этишича, ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб глобал пандемия ҳукм суришига қарамасдан, илм-фан йўлидаги изланишлар бир лаҳза бўлса ҳам сусайгани йўқ. Аксинча, бу давр мобайнида назария ва амалиётнинг ўзаро интеграциялашуви янада кучайди, илмий изланишлар сони салмоқли даражада ортди. Биргина мазкур конференцияга энергетика, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамда юртимиз олимларининг илмий-амалий ишлари акс этган 230 дан зиёд юқори савиядаги илмий мақолалар келиб тушган бўлиб, улардан 170 таси саралаб олинди. Жумладан, Германия, Польша, Сингапур, Малайзия, Туркия, Нигерия, Бразилия, Хорватия, Ироқ, Перу, Кипр, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Афғонистон, Бангладеш, Покистон каби 20 дан ортиқ давлатлардан келиб тушганлиги бунинг исботидир.
Конференциянинг очилишида ТИҚХММИ ректори, Республика Олий таълим кенгаши раиси Ў.Умурзоқов, Краков технология университети проректори Дариузс Богдал, Карабук университети проректори Мустафо Яшарлар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А.Назаров ва Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Акмал Мирзаевлар халқаро конференция иштирокчиларини табрикладилар.
Мазкур халқаро тадбирнинг асосий мақсади бугунги кунда энергетика, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби ҳар қайси давлатнинг муҳим соҳаларида амалиётга тадбиқ этилаётган замонавий илғор технологиялар ва илмий хулосаларни ҳамкорликда ўрганиш ҳамда ўзаро фикр алмашинувини таъминлайди. Шунингдек, мазкур соҳаларда фаолият кўрсатаётган хорижий ва юртимиз олимлари, докторантлари, тадқиқотчиларини бирлаштиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter