Исроил вазири фаластинликларни Ғазодан сургун қилмоқчи
Исроил молия вазири Бецалель Смотрич фаластинликларни Ғазони тарк этишга чақирди.
Исроил армияси радиосига интервью берган амалдор фаластинликлар Ғазони бўшатса, яҳудийлар уни гуллатиб юборишини иддао қилган.
Фаластин аҳлига нисбатан радикал муносабати билан отнинг қашқасидек танилган Смотричга кўра, Ғазода 100-200 минг чоғли арабни қолдириб, икки миллион аҳолини кўчириш керак.
ҲАМАС Исроил молия вазирининг икки миллион фаластинликни кўчириш ҳақидаги таклифини ҳарбий жиноят ва агрессия деб баҳолаган. Ҳаракат халқаро ҳамжамият ва БМТни Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан содир этаётган жиноятларини тўхтатиш ва уни жавобгарликка тортиш йўлида амалий ҳаракатга ундаган.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳам на Ғазодан, на Ғарбий соҳилдан аҳолини кўчиришга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган.
2023 йил октябрь ойида Буюк Британиянинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада Тель-Авив маъмурияти вазиятдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.
Фаластиннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад ҳам айни шу хавотирли режа ҳақида гапирганди.
«Исроилнинг ҳозирги ҳаракатлари бирор гуруҳ, хусусан, ҲАМАСга қарши шунчаки кураш эмас. Балки бу Фаластин халқига қарши урушдир. Бундан кўзланган мақсад эса Ғазо секторида қолган фаластинликларни Синай саҳросига сиқиб чиқаришдир. Моҳият эътиборига кўра, сионистларнинг «Ерсиз халқ учун халқсиз ер» деган машҳур шиори амалга оширилмоқда. Улар Фаластиннинг ушбу қисми ва Ғазо сектори бутунлай тозаланиши керак деб ҳисоблайди», – деган доктор Жавад Муҳаммад Авад.
Таҳлилчилар бу иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) бўлишидан огоҳлантирмоқда.
Бир ой муқаддам молия вазири Бецалель Смотрич ишғол остидаги Ғарбий соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилганди. Исроил томонидан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларида ноқонуний уйлар қурилишини ҳатто унинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам номақбул деб билади. Негаки, бу халқаро ҳуқуқ ҳамда Фаластин давлатчилигининг намойишкорона поймол этилишидир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter