Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Женевадаги уч томонлама учрашув «оғир, аммо ишчан руҳда» ўтди – Мединский

Женевадаги уч томонлама учрашув «оғир, аммо ишчан руҳда» ўтди – Мединский

Женева шаҳрида Россия, Украина ва АҚШ вакиллари иштирокида ўтган уч томонлама музокаралар тахминан икки соат давом этди. Учрашув ёпиқ форматда ташкил этилгани боис, музокаралар мазмуни бўйича расмий маълумотлар чекланган ҳолда тақдим этилмоқда.

Россия делегациясига раҳбарлик қилган Владимир Мединский музокаралар «оғир, аммо ишчан руҳда» ўтганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, томонлар мулоқотни давом эттиришга келишиб олган ва навбатдаги учрашув яқин вақт ичида ўтказилади. Бироқ унинг аниқ санаси ва манзили ҳозирча ошкор этилмаган.

Уч томонлама мулоқот қайта тиклангани ҳақида дастлаб Россия ОАВ манбалари хабар берганди. Уларнинг маълумотига кўра, 17 февраль куни бўлиб ўтган музокаралар каби бу галги учрашув ҳам тўлиқ ёпиқ режимда ўтказилган.

Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров ҳам музокаралар қайта бошланганини тасдиқлади.

Американинг Axios нашри ёзишича, 17 февраль куни ўтган аввалги учрашувда сиёсий масалалар муҳокамаси «берк кўчага кириб қолган», ҳарбий йўналишдаги музокаралар эса маълум даражада илгарилашга эришган. Нашр манбалари бу ҳолатни Россия делегацияси позицияси билан изоҳлаган.

Манбалардан бири Россия томони Украина президенти Владимир Зеленскийнинг сўнгги оммавий баёнотларидан норози эканини билдирганини қайд этган. Россия вакиллари фикрича, Киев музокараларга етарлича жиддий ёндашмаяпти ва айрим чиқишлар ички сиёсий аудиторияга қаратилган бўлиши мумкин.

Россиянинг РБК нашрига гапирган музокара гуруҳига яқин манба эса биринчи кунги учрашувни «жуда кескин» деб баҳолаган. Унинг айтишича, муҳокамалар ҳам икки томонлама, ҳам уч томонлама форматларда параллел равишда олиб борилган.

Мутахассислар фикрича, Женевадаги мулоқотларнинг давом эттирилиши — томонлар ўртасида тўлиқ келишувга ҳали эришилмаган бўлса-да, дипломатик каналлар очиқ қолaётганини англатади. Кейинги учрашув санаси ва кун тартиби аниқлаштирилиши билан музокаралар мазмунига оид янада батафсил маълумотлар берилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг