Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Калондимоғ ва такаббур «Робинзон»нинг саргузаштлари

Калондимоғ ва такаббур «Робинзон»нинг саргузаштлари

фото: https://geoglob.ru/others/sergej-lisicyn/

1847 йилда 24 ёшли шаҳарлик совуққон, такаббур йигит, наслдор дворян, истеъфодаги гусар Сергей Лисицин Америкага етиб олиш мақсадида Андреев байроғи остидаги кемага чиқди. Офицерлар кают-компаниясида уни жуда хушмуомалалик билан кутиб олишди, бироқ Лисицин маст ҳолатда кема капитанига ҳақоратли гаплар гапириб, матросларни исён кўтаришга ундай бошлади. Ана шунда капитан фитначининг қўл-оёғини боғлаб, кўзларини боғлаб, қўлига хат тутқазган ҳолда кимсасиз қирғоққа ташлаб кетишни буюрди...

Маҳбус кишанлардан халос бўлиб, кўзидаги боғични ечганида, уфқда узоқлашиб бораётган кемани кўрди. Олижаноб капитан унга кийим-кечак тўла жомадон, уч жуфт этик, пўстин, бир жуфт тўппонча, қилич, ханжар, шакар ва чой захираси, тилла чўнтак соати, буклама пичоқ, бир пуд қотирилган нон, икки фляга ароқ, тоза дафтарлар, соқол олиш анжомлари, чақмоқтош, гугурт захираси ва ҳатто 200 та Гавана сигарасини қолдирган эди.

Буларнинг барчасига 26 та ўқ-доридан иборат ажойиб милтиқ ва кема командирининг қуйидаги хати илова қилинганди: «Муҳтарам Сергей Петрович! Денгиз уставига кўра, сизни ўлим жазосига маҳкум этиш керак эди. Аммо ёшлигингиз, ноёб истеъдодингиз ва, энг муҳими, мен пайқаган меҳрибон қалбингиз ҳурмати сизга ҳаёт бахш этаман... Сиздаги бу бахтсиз феъл-атворни ёлғизлик ва муҳтожлик тузатишини чин дилдан хоҳлардим. Вақт ва мулоҳазалар менинг ушбу бағрикенглигимни қадрлашга ўргатади, агар тақдир бизни қачондир яна учраштирса (буни чин қалбдан истайман), биз душман сифатида учрашмаймиз. А. М.».

Дворян Лисицин умрида ўз қўли билан бирор иш бажариб кўрмаган эди: мулкида унга крепостной деҳқонлар, полкда эса хизматкор аскар ғамхўрлик қиларди. Кема Охота денгизи бўйлаб сузиб кетаётганини билгани учун, у ўзини Алеут ёки Курил ороллари занжиридаги қуруқлик парчаларидан бирида қолдирилган, деб умид қилди. Бироқ тез орада аҳволи жуда аянчли эканини англаб етди. У тақдир тақозоси билан икки денгиз қуршовида қолган эди. Қаршисида совуқ Охота денгизи мавжланиб турар, ортида эса чексиз ва қалин «яшил тайга денгизи» шовулларди. У ерда эса – айиқлар, бўрилар, силовсинлар, заҳарли илонлар бор эди.

Бир ой ичида «рус Робинзони» ўзига печкали уй қуриб, мебеллар ясаб олди. Патронларни тежаш мақсадида палахмон, камон ва ўқлар ясади. Ва жуда тўғри қилган экан – қишда унинг уйига оч бўрилар галаси ёпирилиб келди. Лисицин милтиқ орқали яқин масофадан 8 та йиртқични отиб ўлдирди. Бундан олдин эса айиқни отиб, ўзини иссиқ мўйна ва айиқ гўшти захираси билан таъминлаган эди. У балиқ тутди, қўзиқоринлар йиғиб, қуритди.

12 апрель куни Сергей Лисицин баҳорги бўронлар оқибатини кузатиб, қирғоқ бўйлаб сайр қилиб юрганида, юзтубан ётган одамни кўриб қолди. Нотаниш кимса ҳолсиз ва ҳушсиз эди. Маълум бўлишича, Василий исмли бу бахтсиз одам Рус Америкасига кетаётган транспорт кемасидан экан. Кема тешилиб, сув кира бошлагач, ҳамма қочиб кетган, уни эса ўғли билан унутиб қолдиришган экан. Кўп ўтмай, кемани узоқ бўлмаган жойдан топишди. Кемада 16 ёшли ўсмирдан ташқари иккита овчарка ити, мушуклар, 8 та Холмогор сигири, бир буқа, 16 та ҳўкиз, 26 та қўй, озиқ-овқат захиралари, асбоб-ускуналар, арпа ва жавдар уруғлари, шунингдек, қурол-яроғ, телескоп, иккита дурбин, самовар, қурилиш ва боғдорчилик анжомлари бор эди.

Етти ойлик ёлғизлик «тўра»нинг калондимоғлиги ва дворянлик такаббурлигини бутунлай учириб юборганди. Бундай катта хўжалик ва яна икки жуфт чаққон ҳамда меҳнаткаш қўллар билан улар ёз давомида нафақат уй ва ҳаммомни янгилашди, балки сариёғ, қаймоқ, пишлоқ ва творог тайёрлашни ҳам ўрганишди. Ер ҳайдаб, арпа ва жавдар ҳосилини йиғиб олишди. Денгиз ва дарёдан кўплаб балиқ овлашни йўлга қўйишди. Қўзиқорин, резаворлар ва шифобахш ўтларни йиғиб, қайта ишлашни бошлашди. Бир сўз билан айтганда, меҳнат жамоаси бўлиб яшай бошлашди...

1857 йилда ёзувчи Александр Сибиряков Амур бўйидаги мис ва олтин конининг меҳмондўст эгаси Сергей Лисицин билан учрашди. Бу мис рудаси ва олтин конларини у бир вақтлар ёлғизликда юрган чоғларида топган эди. Ҳукумат Лисицинни ушбу ерларнинг бошқарувчиси этиб ҳам тайинлаганди. Унинг «Жумавой»и – Василий ҳам ёнида эди. Василийнинг ўғли Москва университетида таҳсил оларди.

Петербург университетида эса бир пайтлар исёнчи гусарни кимсасиз қирғоққа ташлаб кетган ўша кема командирининг икки ўғли Лисициннинг ҳисобидан ўқир эди. Сергей Лисицин бой-бадавлат инсонга айлангач, кекса капитанни излаб топди, уни сўнгги йўлга кузатиб, болаларининг барча таъминотини ўз зиммасига олди.

Саидмурод Холбеков

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг