Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Кўмиртаъминот» омбор мудирининг кирдикорлари ошкор бўлди

«Кўмиртаъминот» омбор мудирининг кирдикорлари ошкор бўлди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти, Қоракўл туманида кўрилган жиноят иши омбор ҳисоб-китобида анча муаммога айланган ҳолатни очиб берди.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, «Кўмиртаъминот» МЧЖнинг туман омбори мудири бўлиб ишлаган И.Ғ. ўз зиммасига ишониб топширилган товар-моддий бойликларни сақлаш ўрнига, уларни ноқонуний равишда сотиб юборган.

2025 йилнинг сентябр ойидан ноябр ойигача бўлган даврда Қоракўл туман омборига жами минглаб тонна кўмир қабул қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, 13 ноябр ҳолатида омборда 246,7 тонна кўмир қолиши керак бўлган. Аммо, назорат ўлчови ўтказилганда, аслида, бор-йўғи, 123 тонна кўмир қолгани аниқланган. Натижада 118,57 тонна кўмир камомади, яъни, қарийб, 36,7 миллион сўмлик зарар келиб чиққан.

Тергов ва суд жараёнида маълум бўлишича, ушбу кўмир маҳсулотлари омбор мудири томонидан аҳолига нақд пулга сотилган, аммо, тушган маблағлар корхона ҳисоб-рақамига киритилмаган. Судланувчи ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганини тан олган.

Судда И.Ғ. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Энг муҳими, у етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани ҳам қайд этилди. Жабрланувчи томон ҳам унга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди.

Ишни кўриб чиққан суд дастлаб қўйилган айбни қайта кўриб чиққан. Унинг ҳаракатлари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш эмас, балки, оддий ўзлаштириш, деб баҳоланган. Бу эса жазо турига ҳам таъсир қилган. Суд тергови жараёнида маълум бўлишича, И.Ғ. бугунги ишгача ҳам илгари бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган. 2015 йилда фирибгарлик ва бошқа моддалар билан жазо олган. 2018 йилда ҳам ўзлаштириш ва ҳужжатлар билан боғлиқ жиноятлар учун судланган. 2025 йилда эса яна бошқа бир жиноят иши тарафлар ярашгани сабабли тугатилган. Шунга қарамасдан, у яна моддий жавобгар шахс сифатида ишлаб туриб, қонунбузарликка йўл қўйган.

Суд ҳукмига кўра, И.Ғ. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 1-қисми билан айбдор, деб топилди. Ушбу бандга кўра, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг