«Менинг боғим» лойиҳалари учун маблағлар 400 млн сўмгача оширилади
Президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этмоқда.
Ўтган йилда Хўжайли, Янгибозор, Ғиждувон, Балиқчи ва Оҳангарон туманларида йилига 5,5 миллион туп манзарали дарахт кўчатлари етиштириш имконини берадиган замонавий кўчатхоналар ишга туширилди.
Бундан ташқари, чўлланишни камайтириш учун Хитой тажрибаси асосида жорий йил илк бор Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана ва Нукус туманларида 50 гектар майдонда сувсизликка чидамли галофит боғлари яратилди.
Бу ерда етиштирилган галофит уруғлари келгусида минглаб гектар ерларда шўрланишни камайтириб, тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Умуман, ўтган қисқа даврда республикада яшиллик даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга ошди.
«Ушбу хайрли ишларимизга кўпни кўрган нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, ташаббускор бизнес вакиллари, меҳнат жамоалари, юз минглаб юртдошларимиз муносиб ҳисса қўшаётгани барчамизни қувонтиради», – деди Президент.
Бу йил «Мен ҳам кўчат экаман» ташаббуси доирасида 75 миллион тупдан зиёд дарахт ва бута кўчати экилди.
Ўтган ҳафта Президентимиз имзолаган янги фармонга кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича катта марра олинди.
Бунинг учун Сурхондарёда 10 минг гектарда «яшил макон», Сирдарёда 84 километрли «яшил девор» барпо этилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади.
Шунингдек, вилоят ҳокимларининг ҳар бири камида 100 гектар майдонда ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари ташкил қилишга масъул бўлади.
Экология ва аҳоли саломатлиги энг долзарб масалага айланиб бораётган бир вақтда ҳудудга мос дарахтни танлаш ва экишда Халқаро молекуляр аллергология марказининг тавсияси ҳам жуда муҳим экани қайд этилди.
Илгари «Менинг боғим» дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 миллион сўмгача маблағ берилган бўлса, энди бу миқдор 400 миллион сўмдан оширилади.
Ҳар бир яшил боғ ва жамоат парки учун аҳоли ўзи танлаган, яшаш ҳудудларига яқин, энг муҳими, сув таъминоти мавжуд жойлардан 1 гектаргача ер ажратилади.
Бу йилги мавсумдан Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ҳам ўз округида яшил ҳудуд, яшил боғ яратиши учун 412 миллион сўмдан маблағ берилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter