Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Муниса Ризаева Шуҳрат Абдураҳмоновнинг хизматида бўлгани айтилмоқда

Муниса Ризаева Шуҳрат Абдураҳмоновнинг хизматида бўлгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам маълум қилиб (тўғрироғи, мақтаниб) тургани учунми, санъаткорлар (узр, нисбат бироз ошиб кетди) ҳар куни нималар билан машғул экани борасида кўпчилик етарлича тассавурга эга.

Тармоқда ўзи қолдирган хабар сабаб хонанда Муниса Ризаева карантин юмшатилиши ҳамоно Андижонга хизматга кетгани аён бўлганди.

Бугун у Андижонда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов оиласи хизматида бўлгани ойдинлашди. Яъниким, ҳоким кичик қизи 19 ёшга тўлиши муносабати билан каттагина (афтидан 30 кишидан кўп!) тадбир уюштирибди. Ва унга серхаридор ва «ставкаси баланд» экани айтиладиган Мунисани хизматга таклиф қилибди. Ҳар ҳолда, бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган лавҳа ва суратлар шунга далолат қилади.

Албатта, ҳоким ҳам ота, фарзанди хурсанд бўлишини хоҳлайди. Бироқ у биринчи навбатда раҳбар! Раҳбар эса, наинки хизмат фаолияти, балки шахсий ҳаётида ҳам камтар-у камсуқумлиги билан бошқаларга ибрат бўлиши керак. Бугунги қийин ва оғир шароитда кўп одамлар кунлик емиш топишда муаммога дуч келаётгани сир эмас. Шундай паллада Андижон вилоят ҳокими катта «базми жамшид» уюштириши соғлом ақлга сиғадими?! Айтишларича, бу тадбирда туғилган кун соҳибасига «Жентра» ҳам совға қилинган.

Шуҳрат Абдураҳмонов халқпарвар раҳбар эканини ўзгалардан кўра унинг ўзи кўпроқ таъкидлайди. Бундай таъкид оҳанглари унинг оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бўлган суҳбатида бўртиб қолади, айниқса!

Бундай даъво ва иддаолар гап билан эмас, амалий ҳаракатлар билан исбот этилади. Оила даврасида нишонланадиган санага пойтахтдан фалон долларга (қўшиқчилар «соққа»ни «кўки»да олади, одатда) қўшиқчи чақириб, дабдабаю-асъаса билан нишонлаш эса иддаоси баланд ҳокимга (жуда юмшоқ айтганда) обрў олиб келмаслиги баробарида, унинг халқ олдидаги масъулиятини нечоғлиқ ҳис этишини ҳам катта савол остига қўяди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг