Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

НАТО давлати Россиядан хавотирда...

НАТО давлати Россиядан хавотирда...

Иллюстратив фото

Украинага қарши урушда муваффақиятга эриша олмаётган Россия Федерацияси НАТО давлатларига нисбатан провокацион ҳаракат содир этиб, вазиятни издан чиқариши мумкин. Бу ҳақда Полша разведка идораси раҳбари Павел Шота маълум қилди.  

«Биз Украинада содир бўлаётган воқеаларни, жумладан, уруш Россия учун муваффақиятсиз кечаётганини кўриб турибмиз. Бу эса Москванинг янада кенгроқ эскалацияга қўл уриши мумкинлиги борасида хавотир уйғотади», —  дейди полковник Павел Шота.

Полша жосуслик идораси раҳбарининг фикрича, Россиянинг Болтиқбўйи мамлакатларига кичик миқёсдаги ҳужуми “яшил одамчалар”нинг десант cифатида ташланиши тарзида бўлиши мумкин. РФ қуролли кучларига нисбатан ишлатиладиган ушбу ибора 2014 йилда Қрим аннексиясидан кейин пайдо бўлган бўлиб, у фарқловчи белгилари бўлмаган кийимдаги Россия ҳарбий хизматчиларини англатади.

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский ҳам бир неча кун аввал Россия армияси томонидан бегона байроқ остида операция ўтказилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

«Биз (Россия президенти Владимир) Путинга унинг режаларидан хабардор эканимиз, унинг тузоғига тушмаслигимиз, бу мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат экани ва НАТО ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишимизни етказишимиз керак», — деб таъкидлаган эди Полша бош дипломати CBS телеканалига берган интервюсида.

Сўнгги вақтларда Россия ва НАТО ўртасидаги таранглик тобора кучаймоқда.

Кремл Россиянинг Шимолий Атлантика алянси давлатларига ҳужум қилиш нияти йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ НАТОнинг бир қатор давлатлари расмийлари ва разведка хизматлари Москва ҳужумга ҳозирлик кўраётганини айтмоқда.

2025 йил 12-16 сентябр кунлари Россия Беларус билан ҳамкорликда “Запад-2025” стратегик ҳарбий ўқувини ташкил этди. Ҳарбий разведка бўйича таҳлилчи Ребекка Коффлернинг ёзишича, Россия армияси мазкур машғулотларда тактик ядро қуролини ишга солишни ҳам машқ қилди. Жараёнга ҳарбий форма кийган Путин бошчилик қилди.

Таъкидланишича, Россия ҳам, Ғарб ҳам ядро урушини истамайди, аммо тобора қалтис тус олаётган вазият ядро уруши эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ эканидан далолат беради.

Путин ҳарб майдонида Украинани мағлуб этгудек бўлса, НАТОга қарши уруш очади, деб ҳисоблайди хавфсизлик бўйича Мюнхен халқаро конференцияси раҳбари Кристоф Ҳойсген.

Олдинроқ Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) Болтиқбўйи мамлакатлари Кремлнинг Украинадан кейинги нишони бўлади деган тахминни илгари сурган эди.

Аввал хабар берганимиздек, Эстония, Латвия ва Литва Россия ҳужуми содир бўлган тақдирда аҳолини эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг